Олти йилдан буён қидирувда бўлган аёл Туркияда қўлга олиниб, Ўзбекистонга қайтарилди
У фирибгарлик йўли билан фуқароларнинг катта миқдордаги маблағларини қўлга киритганликда гумон қилинмоқда.

2020 йилдан буён қидирувда бўлган фирибгарликда гумонланувчи аёл Туркияда қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасидаги ҳамкорлик доирасида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида қидирувдаги шахснинг яшаш жойи аниқланган ва у қўлга олинган.
Тергов маълумотларига кўра, аёл Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмида назарда тутилган фирибгарлик жиноятини содир этганликда гумон қилинмоқда. У ўзи ташкил этган МЧЖ орқали хорижий давлатларга ишга юбориш учун зарур лицензияга эга бўлмаган ҳолда фуқароларни АҚШ ва Европа мамлакатларига юқори маошли ишга жойлаштиришни ваъда қилган.
Шунингдек, фуқаролар билан турли хизматлар кўрсатиш бўйича шартномалар тузиб, уларнинг ишончига кирган ҳолда катта миқдордаги маблағларни қўлга киритгани ва ушбу маблағларни шахсий эҳтиёжларига сарфлагани айтилмоқда.
ИИВ Тезкор-қидирув департаменти ҳамда Туркия Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирлар натижасида қидирувдаги шахс Туркияда аниқланиб, қўлга олинган ва Ўзбекистонга қайтарилган.








