Тошкентда 18 ёшли қизни шантаж қилиб, 300 доллар талаб қилган йигит ушланди
У қизнинг шахсий фото ва видеоларини интернетда тарқатиш билан таҳдид қилиб, ундан пул ундиришга уринган.

Тошкент шаҳрида Instagram орқали танишган вояга етмаган қизни шахсий фото ва видеоларини интернетда тарқатиш билан қўрқитиб, ундан пул талаб қилган йигит қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 2008 йилда туғилган қиз Instagram орқали йигит билан танишган. Кейинчалик йигит жиддий муносабат ўрнатиш ниятида эканини айтиб, ундан беҳаё фото ва видеолар юборишни сўраган.
Орадан вақт ўтгач, у қиздан 300 АҚШ доллари талаб қилган. Акс ҳолда, телефонида сақланаётган фото ва видеоларни ижтимоий тармоқларга тарқатиб юбориш билан таҳдид қилган.
Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан Сергели туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида гумонланувчи талаб қилган пулнинг 200 АҚШ долларини олаётган вақтда қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, қонунда белгиланган тартибда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги ота-оналарни фарзандларининг интернетдаги мулоқотлари ва ижтимоий тармоқлардаги фаоллигига эътиборли бўлишга чақирди. Шунингдек, товламачилик ёки бошқа турдаги жиноятлар ҳақида маълумотга эга фуқаролардан ички ишлар органларига мурожаат қилиш сўралди.








