Чорвоқда чўкиб кетган учинчи фуқаронинг ҳам жасади топилди
Шу билан қидирув-қутқарув операцияси якунланди.

Чорвоқ сув омборида 2 сентябрь куни чўкиб кетган ота ва унинг икки ўғилининг жасадларини қидириш бўйича қутқарув операцияси якунланди.
Маълум қилинишича, 10 сентябрь куни соат 13:35 да Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ғаввослари учинчи фуқаронинг ҳам жасадини топган.
Фожиа Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ сув омборида содир бўлган. Оила аъзолари катерда сайр қилиш вақтида сувга тушган. Улардан бири қутқарув нимчасисиз чўмилиш вақтида чўка бошлаган. Унга ёрдам бериш мақсадида акаси ва отаси ҳам сувга тушган ва оқибатда учаласи ҳам чўкиб кетган.
Қидирув ишлари давомида 9 сентябрь куни кичик ўғилнинг жасади топилган эди. 10 сентябрь куни эса унинг акаси ва отасининг жасади ҳам топилди.
Қидирув операциясига ФВВнинг тезкор ташкил этилган штаби, шунингдек, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари Фавқулодда вазиятлар бошқармаларининг қўшимча куч ва воситалари жалб этилган. Қидирув жараёнида замонавий ускуналардан ҳам фойдаланилган.
Шу тариқа Чорвоқ сув омборида чўкиб кетган уч нафар фуқаронинг жасадларини қидириш ишлари тўлиқ якунланди.








