17 та олийгоҳда бошқарув ўзгарди: Олий таълим вазирлигига янги ваколатлар берилди
Ўзбекистон миллий педагогика университети Низомий Ганжавий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети деб қайта номланди.

Президентнинг 2026 йил 2 октябрдаги ПҚ–358-сон “Айрим давлат олий таълим муассасаларининг бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан 17 та олий таълим муассасасининг бўйсунуви ўзгартирилди.
Унга кўра, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги 14 та педагогика олийгоҳи ҳамда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги 3 та олийгоҳ Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимига ўтказилди.
Шунингдек, Ўзбекистон миллий педагогика университети Низомий Ганжавий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети деб қайта номланди.
Қарор билан педагог кадрлар тайёрлаш соҳасидаги қатор вазифалар ҳам Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига юклатилди.
Жумладан, вазирлик:
— ягона консептуал ёндашув асосида олий маълумотли педагог кадрлар тайёрлаш сиёсатини юритади;
— педагогик таълимни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилайди;
— педагогик таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигини ҳамда таълим-тарбия жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларини жорий этилишини таъминлайди;
— педагогика соҳасида илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиради;
— педагогика соҳасида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасаларининг бошқарув тизимини такомиллаштириб боради.








