Тирбандлик ва хавфсизлик масаласи: Зангиотада янги темирйўл ўтказгичи очилди
Янги иншоот транспорт оқимини тартибга солиш, тирбандликларни камайтириш ва ҳайдовчи ҳамда пиёдалар учун хавфсиз ҳаракатланишни таъминлашга хизмат қилади.

3 октябрь куни “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти кесишмасидаги транспорт оқимини тартибга солиш мақсадида бунёд этилган янги темирйўл ўтказгичи фойдаланишга топширилди.
Мазкур иншоот “Собир Раҳимов – Ўртаовул” бекатлари оралиғида, Зангиота тумани ҳудудида жойлашган.
Янги йўл ўтказгичнинг очилиш маросимида Тошкент вилояти ҳокими З. Мирзаев, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси З. Нарзуллаев, транспорт прокурори И. Наримов, оммавий ахборот воситалари вакиллари, маҳаллий аҳоли ва бошқалар иштирок этди.
“Собир Раҳимов – Ўртаовул” бекатлари оралиғидаги 3384-километр, ПК-2 да мавжуд темирйўл кесишмаси ўрнида барпо этилган иншоот қурилиши давомида кенг кўламли қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди.
Хусусан, лойиҳа доирасида узунлиги 23,6 метр бўлган икки йўллик янги темирйўл кўприги қурилиб, темирйўл излари қайта ўз жойига қайтарилди. Шунингдек, 1200 метр узунликдаги айланма темирйўл ва автомобиль йўли барпо этилди.
Тўсиқ девор пойдевори учун 237 дона свай бурғуланди. Унинг 11 минг куб метрдан ортиқ қисмига бетон қуйилди. Бундан ташқари, 800 метр контакт тармоғи кўчириб ўтказилди.
Қурилиш жараёнида жами 60 минг куб метр тупроқ ишлари бажарилди. Ҳудуддаги ёмғир ва қор сувларини хавфсиз чиқариб юбориш учун иккита сув иншооти ўрнатилди. Шунингдек, замонавий автомобиль ва пиёдалар йўлаклари қуриб битказилди.
Янги темирйўл ўтказгичининг фойдаланишга топширилиши Зангиота тумани аҳолиси ҳамда ҳудуд орқали ҳаракатланувчи транспорт воситалари учун қўшимча қулайлик яратади.
Иншоот ҳудуддаги тирбандликларни камайтириш, йўл ҳаракатига сарфланадиган вақтни тежаш, автомобиль йўлларидаги юкламани пасайтириш ҳамда ҳайдовчи ва пиёдалар учун хавфсиз ҳаракатланишни таъминлашга хизмат қилади.








