Латвия Ўзбекистон фуқароларига виза беришни тўхтатмайди — ТИВ
Ўзбекистон ТИВи Латвия томонининг ўзбекистонликларга виза беришни тўхтатиш эҳтимоли юзасидан музокаралар ўтказди.

Латвия Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон фуқароларига визалар беришни маълум муддатга тўхтатишни таклиф қилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу масала юзасидан Латвия томони билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда ТИВ матбуот котиби Омонулла Файзиев Zamon.uz'га маълум қилди.
Хабарлар эълон қилинганидан сўнг Ўзбекистон ТИВ томонидан тегишли дипломатик чоралар кўрилган.
Жумладан, Ўзбекистоннинг Ригадаги элчихонаси томонидан Латвия Бош вазири офиси раҳбарияти, Ташқи ишлар ва Иқтисодиёт вазирликлари, Президент Администрацияси вакиллари билан қатор учрашув ва музокаралар ўтказилган. Шунингдек, ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти Латвия элчихонаси билан ҳам мулоқот олиб борган.
Музокаралар давомида Латвия томонига таклиф этилаётган чоралар икки томонлама муносабатларга кўрсатиши мумкин бўлган таъсир юзасидан Ўзбекистоннинг позицияси етказилган.
Кўрилган чоралар натижасида Латвия томони амалдаги тартибга ўзгартириш киритишга эҳтиёж йўқлигини билдирган.
Ўзбекистон ТИВи Латвия билан шаклланган дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни юксак қадрлашини таъкидлади. Латвия Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги муҳим ҳамкорларидан бири бўлиб, икки давлат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, миграция ва бошқа соҳалардаги алоқалар изчил ривожланмоқда.
Шу билан бирга, ТИВ хорижда бўлиб турган ёки хорижга чиқишни режалаштираётган Ўзбекистон фуқароларини мамлакат қонунчилигига қатъий риоя қилишга, миллий урф-одат ва анъаналарни ҳурмат қилишга ҳамда ўз хатти-ҳаракатларига масъулият билан ёндашишга чақирди.
Вазирлик айрим шахсларнинг қонунбузарликка йўл қўйиши нафақат уларнинг ўзига, балки хорижда қонуний асосда ўқиб, ишлаётган, саёҳат ёки истиқомат қилаётган бошқа Ўзбекистон фуқароларига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини қайд этди.








