60 км/соат ўрнига 201 км/соат: Бухорода Маlibu-2 ҳайдовчиси ушланди
Ҳайдовчи давлат рақамларини ўзбошимчалик билан ечиб, автомобиль салонига қўйган ва шаҳар ичида юқори тезликда ҳаракатланган.

Бухоро шаҳрида Маlibu-2 русумли автомобиль ҳайдовчиси тезлик соатига 60 километр этиб белгиланган ҳудудда 201 км/соат тезликда ҳаракатланган. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳайдовчи автомобилнинг давлат рақам белгиларини ўзбошимчалик билан ечиб, салонига жойлаштирган. Шундан сўнг у шаҳар кўчаларида белгиланган тезлик меъёрини 141 км/соатга ошириб, ҳаракатланган.
Автомобилдаги йўловчи қоидабузарликни видеога олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирган. ЙҲХБ ходимлари ўтказган суриштирув ишлари натижасида ҳайдовчи ва автомобиль аниқланган.
Ҳайдовчи ҳолат юзасидан берган изоҳида давлат рақамларини шериги билан келишган ҳолда ечиб қўйганини тан олган ва бу ишидан афсусда эканини билдирган. Шунингдек, бундай қоидабузарликни такрорламаслигини айтган.
Ҳолат юзасидан ҳайдовчига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-3-моддаси 4-қисми — белгиланган ҳаракат тезлигини ошириш ҳамда 125-моддаси 5-қисми — давлат рақам белгиси ўзбошимчалик билан ечиб олинган транспорт воситасини бошқариш бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.








