
«Соҳадаги тизимли муаммолар ҳал қилинмагани ва йўл қўйилган камчиликлар учун Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Алишер Мақсудов лавозимидан озод этилди», дейилади президент матбуот котиби Шерзод Асадов берган хабарда.
Қайд этилишича, видеоселектор йиғилиши танқидий руҳда кечмоқда.
Экология ва атроф-муҳит муҳофазасига бағишланган йиғилишда давлатимиз раҳбари соҳадаги муаммоларни кўрсатиб ўтди.
Бу йўналишга масъул бўлган Экология қўмитаси, бошқа идоралар ва маҳаллий ҳокимликларнинг ташаббус ва амалий ишлари кўринмаётгани танқид қилинди.
Сўнгги 4 йилда саноат корхоналари 2 бараварга ортиб, шаҳарларда чанг-газ миқдори меъёрдан 4 баравар ошган. Атмосферага ташланмаларнинг 90 фоизи Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Наманган, Қўқон, Навоий, Бухоро, Чирчиқ, Ангрен, Олмалиқ, Бекобод, Гулистон ва Нукус шаҳарларига тўғри келади.
Ер усти ва ости сув сатҳининг кескин пасайиши ҳам экологик вазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, ҳудудларда маиший чиқиндиларни хусусий шериклик асосида бошқариш бўйича режа қилинган 62 та лойиҳадан бор-йўғи 15 тасига тадбиркор жалб қилинган. Бу борада Бухоро, Наманган, Фарғонадан ташқари бошқа бирорта ҳудудда ишлар якунига етказилмаган.
- Маълумот учун, Алишер Мақсудов 2020 йил декабрида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси этиб тайинланганди. У 2017 йилдан 2020 йилгача «Ўзпахтасаноат» АЖ бошқаруви раиси лавозимида ишлаган.


