АҚШ афғонларга навбатдаги гуманитар ёрдам ажратди
Аввалроқ Лондон Афғонистон учун 374 миллион доллар гуманитар ёрдам жўнатган эди.

АҚШ Афғонистонга қўшимча 204 миллион долларлик гуманитар ёрдам беради. Бу ҳақда Қўшма Штатлар Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс маълум қилди.
"Биз Афғонистон халқини қўллаб-қувватлаш мақсадида 204 миллион доллар атрофида қўшимча гуманитар ёрдам берамиз. Шу тариқа 2021 йил августидан буён етказиб берилган ёрдам миқдори 720 миллион долларни ташкил этади", — дейилади Прайс баёнотида.
Ажратилган маблағлар БМТ тузилмалари ва қатор халқаро гуманитар ташкилотлар орасида тақсимланади. Бу пуллар озиқ-овқат, сув сотиб олиш, тиббий хизматлар кўрсатиш, Афғонистон аҳолисига бошпана бериш ва ҳуқуқий ҳимоя учун сарфланади.
"Қўшма Штатлар ҳамон афғон халқининг гуманитар эҳтиёжларини қўллаб-қувватлашга содиқ ва "Толибон " раҳбариятидан барча фуқаролар, жумладан афғон аёлларининг таълим олиш ҳуқуқини ҳурмат қилишни талаб қилишда давом этади", — деб қўшимча қилган Прайс.
Аввалроқ Буюк Британия Афғонистон учун 374 миллион доллар ажратганди.







