ЙПХ ходимининг ўз хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолатда олинган фото ва видео тасвирларини унинг рухсатисиз интернетга жойлаштирмаслик — Ички ишлар вазирлиги қонунчиликка ана шундай норма киритмоқчи.
Бу тақиқни бузганларга жавобгарлик белгиланиши ҳам режа қилинган. Аввалроқ Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев:
"Хизмат вазифасини бажариш жараёнидаги ходимларни видеотасвирга олгандан сўнг унинг рухсатисиз ижтимоий тармоқларга чиқаришга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланади", — деганди.
Блогерлар бу таклифни қораламоқда. Davletov.uz фикрича, бу – ёпиқликка, орқага ташланган қадам:
"Ундан кўра ЙПХ ўз сафини профессионал, ҳалол кадрлар билан тўлдирсин, токи уларга ҳеч қанақа камера хавф бўлмайди, очиқликдан қўрқмайди", — дейди у.
Ҳуқуқшунос-блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг сўзларига кўра, бунақа тақиқ Конституцияга зид. У буни «барча қилинаётган ислоҳотларни орқага қайтарадиган қарор лойиҳаси» деб таърифлади.
Kurbanoff.net канали муаллифи қонун барчага баробар бўлиши кераклигини айтиб, ички ишлар ходимлари аллақандай шахслар билан одамларнинг шахсий уйларига кириб боргани акс этган видеоларни эслатди.


