1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Жамият

Ҳеч бир 1-синф ўқувчиси Президент совғасисиз қолмайди, хавотирга ўрин йўқ!

Ижтимоий тармоқларда айрим ҳудудларга 1-синф ўқувчиларига Президент совғалари ёки унинг таркибидаги айрим ўқув қуроллари етиб бормаётгани тўғрисидаги хабарлар тарқалди.

Ҳеч бир 1-синф ўқувчиси Президент совғасисиз қолмайди, хавотирга ўрин йўқ!

 

 

Хўш, бу хабарлар қанчалик асосли? Ўқув йили бошланган бўлса-да, нега айрим ҳудудларга ҳанузгача  “Президент совғаси” етиб бормаган? Бу каби камчиликлар қачон бартараф этилади? Мазкур саволларга жавоб олиш мақсадида мутасаддилар билан боғландик.  

 

Хусусан, Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармасининг айтишича, жорий ўқув йилида Қарши шаҳрига 5000 та, Касби туманига 3435 та, Миришкор туманига 2034 та, Муборак туманига 1610 та, Косон туманига 4750 та, Деҳқонобод туманига 3075 та, Ғузор туманига 3675 та, Нишон 3118 та туманидаги барча умумий ўрта таълим мактабларига Президент совғалари етказилган. Қолган туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари тасарруфидаги умумий ўрта таълим мактабларига ҳам босқичма-босқич "Транспорт ва логистика хизмати" ДУК Қашқадарё филиали томонидан тез фурсатларда Президент совғалари етказилади.

 

Бухоро вилоятидаги ҳолатни вилоят халқ таълими бошқармаси шундай изоҳлади:

 

- 2021-2022 ўқув йилида Халқ таълими вазирлиги томонидан 6 сентябрь кунига қадар “Транспорт ва логистика” давлат унитар корхонаси Бухоро вилояти филиалига “Президент совғаси” таркибига кирувчи 8 турдаги ўқув қуроллари — портфел, катакли (6 дона) ва чизиқли дафтар (6 дона), елим, расм дафтари (56 варақли), рангли қоғоз, ручка, пластилин етиб келган, — дейди вилоят халқ таълими бошқармаси матбуот котиби Ирода Орипова. —  Aйни пайтга қадар ушбу ўқув қуроллари 1-синф ўқувчиларига тўлиқ етказилган. Жумладан, Когон шаҳридаги 5-умумий ўрта таълим мактабининг 1-синфларига қабул қилинган 63 нафар ўқувчига ҳам 8 турдаги совғалар тўлиқ берилган.

 

Интернетда тарқалган турли фикр-мулоҳазаларга Халқ таълими вазирлиги ҳам ўз муносабатини билдирди.

 

Вазирликнинг маълум қилишича, пандемия янги ўқув йили бошланишининг сўнгги кунигача баъзи ота-оналар томонидан фарзандларининг ҳужжатларини топшириш кечиктирган, шу билан бирга, баъзи етказиб берувчиларнинг кечикишига ҳам олиб келган. Бу эса ўз-ўзидан совғаларни ҳисоб-китоб қилишда ва тўлиқ қилиб етказишда муаммоларни юзага келтирган.

 

Вазирлик ота-оналардан вазиятни тўғри қабул қилишларини ва тез кунда совғалар ҳар бир болага етиб бориши таъминланишини маълум қилади. Совғалар ичидаги баъзи етмай қолган ўқув қуроллари жойига қайтадан етказилиб, тарқатилади.

 

“Бир ҳафта давомида мазкур ҳолат тўлиқ инвентаризация қилиб чиқилади, агар шундан сўнг ҳам фарзандингизга совға ёки дарслик етиб бормаса Халқ таълими вазирлигининг 71 202 09 09 ишонч телефон рақамлари орқали мурожаат қилишингиз сўралади”, - дейилади хабарда.

 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент совғаларининг эгасига етказилиши мактаб маъмурияти томонидан назорат қилиниши ҳамда юртимизда янги ўқув йилида қанча бола 1-синфга қабул қилиниши ҳақида хабар берилганди.

 

 

Баҳринисо Мадумарова

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика