1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Жамият

Ҳимоя ордери: у аёлларни зўравонликдан ҳимоя қила оладими?

2020 йил август. Ижтимоий тармоқни самарқандлик аёлнинг эри томонидан аёвсиз калтакланишига оид видео том маънода “портлатди”.

Ҳимоя ордери: у аёлларни зўравонликдан ҳимоя қила оладими?

 

 

Кейинчалик маълум бўлишича, 25 ёшли Мустаҳкамнинг саккиз йиллик турмуши осон кечмаган. Бундай таҳқирлашлар, жисмоний зўравонлик доимий бўлиб турган. Жамоатчилик мазкур ҳолат Ўзбекистонда аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатининг умумий портретини чизиб берди, дея таъкидлади. Дарҳақиқат, қисқа фурсатларда кўпчиликнинг телефонларига кўчган воқеа аслида дунё миқёсида ҳар учинчи аёл билан содир бўлади. 


Жаҳон соғликни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесус жорий йилнинг март ойида аёлларга нисбатан зўравонлик бўйича чоп этилган навбатдаги ҳисоботда, “Афсуски, аёлларга нисбатан зўравонликни COVID-19 сингари вакцина билан тўхтатишнинг имкони йўқ”,- деганди .


Шубҳасиз, бу мавзу жамиятнинг энг оғриқли масалаларидан биридир. ЖССТ маълумотларига кўра, дунёдаги жами аёлларнинг 30 фоизи умри давомида зўравонлик ва тазйиққа учрайди. БМТ зўравонлик ҳолатлари айниқса пандемия даврида янада ошганлиги ҳақида маълумот бермоқда. Унга кўра, карантинда бу кўрсатгич Америка қитъасида 25 фозга, Европада 23 фоиз, Марказий Осиёда эса 18 фоизга ошган. Ташкилот томонидан бу салбий жараён “яширин пандемия” деб баҳоланди. 


Таҳлилларнинг кўрсатишича, зўравонлик мамлкатларнинг иқтисодиёти учун ҳам сезиларли зарба беради. Айрим давлатлар мазкур омил сабаб ЯИМни 3.7 фоизини йўқотишади. Бу аксарият мамлакатлар таълим тизими учун сарфлайдиган харажатлардан икки баравар кўпдир.


Сир эмас, жамиятимизда аёлларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш борасида кўпгина ислоҳотлар олиб борилишига қарамасдан, хотин-қизларнинг каттагина қисми ўз ҳуқуқларидан самарали фойдаланишга қодир эмас. Оилада юз бераётган жисмоний ва руҳий зўравонликларга тишини-тишига қўйиб йиллар давомида чидаб келаётганларни кўпчилигимиз таниймиз. Кўзга кўринган машҳур аёллар орасида ҳам бундайлар топилади. Мисол учун, актриса Зуҳра Солиева “You tube”даги дастурлардан бирига берган интервьюсида собиқ турмуш ўртоғи томонидан мунтазам хўрланиб, калтакланганини айтиб ўтганди


Хўш, нима учун аёллар ҳуқуқлари поймол бўлишига йўл очиб беришган? 


Нима учун уларда ҳаммасини бошидан бошлашга куч йўқ?


Нима сабабдан жамиятимизда аксарият хотин-қизларнинг ўзига бўлган ишончи паст?


Бу каби саволлар талайгина. Жавоби эса қисман аниқ. Бизда оила муқаддас ҳисобланади. Қолаверса, қизларга болалигиданоқ оила қуриш, фарзандли бўлиш буюк саодат сифатида сингдирилади. Ажрим ҳар қандай ҳолатда ҳам қабул қилиб бўлмас ҳолат дея уқтирилади. Оила қурган қизлар жисмоний зўравонликка, тазйиққа учрасалар ҳам ажрашиб жамиятнинг иккинчи даражали одамига айлангандан кўра, барчасига кўз юмишни маъқул кўришади. Ҳали турмуш қурмасидан жинсий зўравонликка учраганлари эса бу ҳақда гапиришдан уялади. Биргина, 23 май куни тунги навбатчилик вақтида 19 ёшли самарқандлик қизнинг зўрланиши сўзларимизни тасдиқлайди. 

 

ҲИМОЯ ОРДЕРИ НИМА?


Мана шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида 2019 йил 2 сентябрида “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Ҳужжатда зўравонлик, тазйиқ каби тушунчаларнинг ҳуқуқий таърифи келтириб ўтилган. Шу билан бирга қонунга “Ҳимоя ордери”деган янги тушунча киритилди. 
Ҳимоя ордери — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёки бир гуруҳ шахсларга нисбатан таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат. Ҳимоя ордери зўравонликка учраган хотин-қизларнинг зўравонликка учраши сабабларини аниқлашга ва бартараф этишга хизмат қилади.

 

Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси муҳим топшириқлар бўйича инспектори Нилуфар Ғиёсованинг ЎзАга маълум қилишича 2020 йилда 14 774 нафар хотин-қизга ҳимоя ордерлари берилган. Бу кўпроқ Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Тошкент, Фарғона, Адижон ва Қашқадарё вилоятлари ҳиссасига тўғри келган. Ҳимоя ордерлари олганлар орасида 125 та вояга етмаган қизлар ҳам бор. Хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг 73 фоизи уларнинг оилаларида содир бўлганлиги қайд этилган. 146 нафар шахс ҳимоя ордери талабларини бажармаганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилган. 


Олий Мажлис Сенати раиси, Танзила Норбоева «Ҳимоя ордерини ҳеч ким олмаса керак, деб ўйлагандим. Айниқса Ўзбекистонда, узоқ қишлоқларда яшаётган аёллар уйимдаги гап-сўзлар кўчага чиқмасин, дейди. Бу тизим қандай ишлар экан деб ўйласам, 1 йил ичида 15 минг аёл ҳимоя ордерини олибди», — дея маълум қилди. 


Ҳозирда бир ой муддатгагина бериладиган ҳимоя ордерлари ёрдамида хотин-қизларга бўлган тазйиқ ва зўравонликнинг камайишига эришиш мумкиндир. Аммо, жамиятда эркакларга у кимнингдир  турмуш ўртоғи экани қатори яна бир гуруҳ аёлларнинг отаси, акаси, яқин қариндоши эканини сингдирмас эканмиз, аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳар куни қайд этилаверади, назаримизда. 


Мақоламиз аввалида тилга олганимиз, самарқандлик Мустаҳкам сўнгги хабарларга кўра, турмуш ўртоғи билан ярашишга қарор қилган. Таҳририятимиз у билан шу масалага ойдинлик киритиш учун боғланди. Аммо, аёл саволларимизга жавоб беришни истамаслигини маълум қилди.

 

Хотин-қизларнинг зўравонликдан химояланиши энг зарур вазифалардан бири бўлиб қолаверади. Ушбу ҳолатга чек қўйиш жаҳон ҳамжамияти ва жамиятимиз олдида турган муҳим муаммолардан биридир.

Жаҳонгир Қўзиев

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика