Матбуот анжуманида Элбек Раҳимовнинг қасддан ўлдириш бўйича жиноят тафсилотлари мухокама қилинди.
Маълум бўлишича “ERIELL” (ЭРИЭЛ) хорижий компанияси оператори, “ушу-санда” спорт устаси, кўплаб халқаро мусобақалар ғолиби Элбек Раҳимов билан фуқаро Зухриддин Боймирзаев ўртасида 2020 йил декабридан буён келишмовчилик бўлиб келган.
Хусусан, дастлаб Боймирзаев Раҳимовнинг укаси билан ўзаро тортишиб қолган.
Бунга жавобан Элбек Раҳимов жорий йилнинг 17 июль куни Боймирзаев билан ўзаро жанжаллашган.Юзага келган адоват замирида Боймирзаев Раҳимовдан ўч олиш мақсадида жорий йилнинг 17 август куни соат 07:00 ларда танишлари Ш.Тангрибердиев, Ж.Амриев, Ш.Зайниддинов, Оғабек ва Илёс Рузиевлар, Я.Яҳёев ва Э.Абдуҳафизовлар билан жиноий тил бириктириб, пичоқ ва темир бўлаклари билан қуролланиб, Э.Раҳимовни Қарши шаҳрида яшовчи фуқаро Бабаевага тегишли хонадондан чиқишини кутиб туришган.
Шу куни соат 09:35 ларда Боймирзаев жиноий шериклари билан бирга хонадондан чиққан Раҳимовни фуқароларнинг кўз ўнгида, шафқатсизларча уриб - тепиб, пичоқ ва темир бўлаклари билан ҳаёти учун хавфли тан жароҳатлари етказган.
Шундан кейин, улар Раҳимовни Илёс Рўзиев бошқарувидаги автомашинага зўрлаб ўтқазиб, Чироқчи тумани “Тошли” қишлоғи ҳудудига олиб бориб, жабрланувчига қўл - оёқлари ва темир бўлаги билан кўплаб тан жароҳатлари етказиб, ўлар ҳолатда Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмасига ташлаб кетишган.
Ушбу ҳолатдан фуқаро Бабаева орқали хабар топган Раҳимовнинг укаси - Акмал Раҳимов “GPS” орқали акасининг телефони геолокациясини аниқлаб, танишлари А.Бабаназаров, Ю.Муродов, Ж.Бердиназаров ва бошқалар билан бирга автомашинада Чироқчи туманига етиб боришган.
Шундан сўнг, Акмал Раҳимов, Бабаназаров, Муродов ва Бердиназаровлар туманнинг Чувиллоқ қишлоғида автомашинада ҳаракатланиб кетаётган З.Бойназаров, О.Рўзиев, Ж.Амриев ва Я.Яҳёевларни кўриб қолиб, автомашинани тўхтатишиб, Бойназаров ва унинг шерикларини уриб, тан жароҳати етказишган.
Шифохона маъмурияти хабари асосида етиб келган ҳудуд профилактика инспекторлари Ж.Равшанов ва С.Аҳмедов жанжал давомида тан жароҳати олган Оғабек Рўзиев ва Я.Яҳёевларни ушлашган, жанжалнинг қолган иштирокчилари яширинган.
Элбек Раҳимов кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, соат 14:00 да шифохонада вафот этган.
Суд - тиббиёт экспертизасининг маълумотномасига кўра, Раҳимовнинг ўлимига бош миясининг лат ейиши, бош суягининг синиши, кўкрак қафаси аъзоларининг шикастланиши, танадаги бошқа кўплаб оғир жароҳатлари сабаб бўлган.
Вилоят прокуратураси томонидан Элбек Раҳимовнинг ўлими ҳолати юзасидан воқеа содир бўлган кун, яъни 17.08.2021 йилда Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “л,п” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят иши тергов гуруҳига топширилди.
Тезкорлик ва ҳамкорликда олиб борилган тезкор-тергов ҳаракатлари натижасида, шу куннинг ўзида жиноятнинг барча иштирокчиларининг шахси аниқланиб, улар ушланди, ҳимоячи иштирокида сўроқ қилинди ва суд - тиббиёт экспертизаси кўригидан ўтказилди.
Ҳодиса содир бўлган жой, Бабаеванинг уйи олди кўздан кечирилганда, уч дона темир арматура бўлаги, Раҳимовга тегишли бир жуфт эркаклар пойафзали, бир дона эркаклар бош кийими, қонга ўхшаш доғлар ҳамда пневматик тўппонча ўқи далилий ашё сифатида олинди.
Шунингдек, Чироқчи тумани “Тошли” қишлоғи ҳудудидаги воқеа жойи кўздан кечирилганида қонга ўхшаш доғлар ҳамда марҳум Э.Раҳимовга тегишли қўл соати ашёвий далил сифатида олинди.
Бундан ташқари, воқеа куни жиноятчилар фойдаланган 70 О 880 PA давлат рақамли “Жентра” русумли автомашинани кўздан кечириш жараёнида ҳам уч дона темир арматура, қонга ўхшаш доғлар билан ифлосланган футболка ва пневматик тўппонча олинди.
Жиноятга алоқадор далилларни аниқлаш мақсадида гумонланувчиларнинг яшаш хонадонларида ўтказилган 10 та тинтувда 2 та телефон, 2 та СИМ карта, қонга ўхшаш доғлар мавжуд бўлган кийимлар ҳужжатлаштириб олинди.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида 8 нафар айбланувчи,жабрланувчининг қонуний вакили, 10 га яқин гувоҳлар сўроқ қилинди.
Ҳозирда вилоят прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари аниқ режа асосида давом эттирилмоқда, тергов устидан назорат ўрнатилди.
Албатта, тергов якуни бўйича жиноятнинг барча ҳолатларига баҳо берилади, уни келтириб чиқарган асл сабаб ва шарт - шароитлар ўрганилади.
Муножат Валиева


