Нурафшондаги яширин цехда қарийб 400 кг сифатсиз гўшт аниқланди
Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида истеъмолга яроқлилиги тўғрисида маълумотномаси бўлмаган гўшт сотаётган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.


Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ИИБнинг Нурафшон шаҳар бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар З.Ю. ва Н.Х. олдиндан тил бириктириб, истеъмолга яроқлилиги тўғрисида маълумотномаси бўлмаган 50 килограмм гўштни ҳар бир килосини 42 минг сўмдан ҳисоблаб, жами 2,1 миллион сўмга фуқарога сотаётган вақтида ушланган.
Тадбир жараёнида З.Ю.га қарашли уйнинг омборхонасида ташкил этилган яширин цехдан 386 килограмм сифатсиз гўшт ашёвий далил сифатида олинган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.







