ДХХ матбуот хизматининг хабар беришича, Андижон ва Наманганда яширин туннель қазиб, чет эл валюталарини хорижга чиқариш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ қўлга олинди.
Улар салкам 1,7 млн АҚШ долларини туннель орқали Қирғизистонга олиб ўтмоқчи бўлган вақтда қўлга олинган.
Хабарда келтирилишича, Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани Қорасув шаҳридаги "З.М.Бобур" МФЙда яшовчи шахснинг ҳовлисида эни 1 метр, чуқурлиги 12-12,5 метр ва узунлиги 150 метр бўлган Қирғизистонга ноқонуний ўтиш учун махсус ер ости йўл қазилган.
Шунингдек, мазкур туманнинг "Бирлик" МФЙда гуруҳ аъзоларидан яна бирига тегишли хонадон ҳовлисида эса эни 1 метр, чуқурлиги 10-12 метр, узунлиги 400-420 метр атрофидаги иккинчи ер ости йўли борлиги аниқланган. Ушбу ер ости йўлига қўлбола пўлат изларда ҳаракатланувчи кичик ҳажмли, электродвигателли аравача ўрнатилган.
Жиноий гуруҳ одамларнинг эътиборига тушмаслик мақсадида, ўзаро мулоқотда шартли сўзлашув усулидан фойдаланишган. Андижондаги “Дўстлик” чегара-божхона постидан декларация тўлдирган ҳолда катта миқдордаги валюта қимматликларини Ўзбекистонга олиб кириб, сўнгра пулларни ер ости йўли орқали Қирғизистонга қайтариб, олиб чиқиб кетишган.
Жиноий гуруҳ 2 нафар Ўзбекистон ва 6 нафар Қирғизистон фуқароларидан иборат бўлиб, унга 1974 йилда Қирғизистонда туғилган фуқаро бош бўлган.
Гуруҳ аъзоларига суд ҳукми ўқилди. Ушбу гуруҳ аъзолари 6 йилдан 8 йилгача қамалди.
Бундан ташқари, яна бир тезкор тадбирда Қўрғонтепа туманининг Қорасув шаҳридаги "З.М.Бобур" МФЙда яшовчи бошқа бир фуқаронинг уйида ҳам қўшни давлат ҳудудига олиб ўтувчи яширин ер ости йўли борлиги маълум бўлди.
У ҳам қирғизистонлик шахслар билан ўзаро тил бириктириб, ўзбек-қирғиз давлат чегарасини ажратиб турувчи “Шаҳрихонсой” канали остидан ўтувчи, чуқурлиги тахминан 16 метр, узунлиги 70 метр бўлган ер ости йўли қазиб, уни махсус электр ёритгич тизими ва кислород билан таъминловчи ускуналар билан жиҳозлаган.
Ҳозирда мазкур фуқарога нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


