Сирдарёда хонадонида фоҳишахона очган эркакка суд ҳукми ўқилди
Бу фуқарога суднинг "қора курси"си бегона эмас.

Одатда фоҳишахона ташкил этиш ёки сақлаш жиноятини аёллар содир этишади. Аммо бу тоифадаги жиноятни ЭРКАКлар ҳам содир этаётгани кишини ўйга толтиради.
Янгиер шаҳрида яшовчи фуқаро И.Л. бу йил 45 ёшни қоралади. У бундан аввал ҳам жиноят содир этиб, маълум муддатга озодликдан маҳрум этилган. Биргина хато уни кўп нарсалардан мосуво этди. Гулдек умрини панжара ортига беркитди. Бироқ у бу қилмишидан тўғри хулоса чиқармади. И.Л. ҳалол йўл билан пул топиш ўрнига, мўмай даромаднинг жирканч йўлини ўйлаб топади ва уйида фоҳишахона ташкил этади.
Тўғри, аввалига "мижоз"лари унча кўп эмасди. Бироқ вақт ўтган сайин айни хилват гўшанинг дараги ҳаммаёққа овоза бўлиб кетади.
Жорий йилнинг ёз ойларида унинг иш жойи ҳисобланган Янгиер шаҳрида жойлашган автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчасида 25 минг сўмлик бир дона ароқ ва 10 минг сўмлик пиво эвазига бир бирига нотаниш эркак ва аёлни жинсий алоқа қилиши учун шароит яратиб бераётган вақтида Янгиер шаҳар ИИБ ходимлари томонидан жиноят устида қўлга олинган. Суриштирувлар давомида у ҳақиқатдан ҳам фоҳишахона ташкил этгани аниқланган.
Ушбу жиноят иши судда кўриб чиқилиб, суд фоҳиша эркакка ЖКнинг 131-моддаси 2-қисми билан 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Баҳринисо Мадумарова







