1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Жамият

ССВ: Қисқа рақамли 1003 call марказига сўнгги ўн кунда қарийб 13 900 та мурожаат келиб тушди

Пандемиянинг илк кунлариданоқ жамоатчиликнинг коронавирус инфекцияси билан боғлиқ саволларига ўз вақтида жавоб бериш, фуқароларга тиббий йўл-йўриқ кўрсатиш тизими йўлга қўйилган эди.

ССВ: Қисқа рақамли 1003 call марказига сўнгги ўн кунда қарийб 13 900 та мурожаат келиб тушди

Бир йил аввал ишга тушган қисқа рақамли 1003 Call-маркази ҳозирда ҳам туну кун фаолият юритмоқда.

Ўтган йил касаллик авжига чиққан вақтда унда 200 нафардан ортиқ профессор ўқитувчилар, тажрибали шифокорлар уч сменада узлуксиз фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилган эди. Шу йилнинг май-июнь ойларида марказда 15 нафар мутахассис қўнғироқларга жавоб берган бўлса, июль ва август ойларида мурожаатлар сони ошгани муносабати билан айни пайтда 50 нафар мутахассис навбатма-навбат туну кун уч сменада хизмат қилмоқда.

Улар орасида тиббиёт фанлари номзоди ва докторлари, малакали мутахассислар бўлиб, фуқаролардан тушган саволларга тиббий асосланган жавоблар ва тавсиялар беришмоқда. 

Таъкидлаш лозимки, Call-марказга жорий йилнинг июнь ойида бир кунда ўртача 200-400 та мурожаат келиб тушган бўлса, июль ойида мурожаатлар сони кунига ўртача 1800 тани ташкил қилди.

Шунингдек, жорий йилнинг август ойи бошидан буён Call-марказга бир кунда ўртача 1700 та мурожаат қабул қилинган бўлса, ойнинг сўнгги ўн кунлигида мурожаатлар сони бироз пасайиб, жами 13 880 тани ташкил этди. Таққослаш учун айтсак, ўтган июль ойининг худди шу даврида бу рақам 19 187 та эди.

Энг кўп берилаётган саволларга эътибор берсак, коронавирус инфекциясига қарши эмланганлик сертификатини қаердан ва қандай тартибда олиш мумкин, Ўзбекистонда қўлланилаётган вакциналарнинг бир-биридан фарқи нимада, ҳозирги кунда чет давлатларга бориш учун эмланиш шартми, янги ўқув йилида мактабга борадиган болаларни “COVID-19”дан қандай ҳимоя қилиш мумкин каби бир қатор саволлар берилмоқда. 

Шунингдек, юртимиздаги мураккаб пандемик вазият туфайли коронавирус касаллигининг клиник белгилари билан боғлиқ саволлар ҳануз долзарб бўлиб турибди.

— Бундан ташқари, соҳа мутахассисларининг антибиотик ва гормонлардан ўзбошимчалик билан фойдаланиш салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида олиб борган мунтазам тарғибот ишлари сабабли, бугунги кунда коронавирусга чалинган кўплаб фуқаролар ушбу дори воситаларидан қачон ва қандай пайтда фойдаланиш кераклиги, антибиотикларнинг фойдали ва зарарли жиҳатлари, кекса ва ёндош касаллиги бор ҳамда ҳомиладор беморлар инфекциядан ҳимояланиш учун нималарга эътибор қаратиши лозимлиги юзасидан кўп мурожаат қилишмоқда, — дейди Call-марказ мутахассиси Феруз ТОЖИЕВ. — Албатта мутахассисларимиз ҳар бир фуқаронинг мурожаатидан келиб чиқиб, шунга мос тарзда уларни қониқтирган жавоблар беришга, зарур ҳолларда уларни керакли тиббиёт мутахассислари, хусусан, оилавий поликлиникадаги шифокорларга йўналтиришга ҳаракат қилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, ҳозирги мураккаб пандемия даврида 1003 Call-маркази мутахассислари юртимиз аҳолисига сидқидилдан хизмат қилаётир.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, бугунги кунда коронавирус инфекцияси, пневмония ёки ушбу касалликларга гумон қилинган ва бошқа юқумли хасталиклар билан касалланган беморларни даволаш мақсадида мамлакатимиз бўйича жами 101 та махсус шифохона фаолият юритмоқда. 

Касаллик клиник белгиларсиз ва енгил кечаётганлиги сабабли уй шароитида даволанаётган беморлар саломатлиги назорати ва даволанишини ташкил этиш ҳамда уларга амбулатор ҳамда бемор уйига борган ҳолда хизмат кўрсатишни ташкил қилиш мақсадида 124 та ихтисослаштирилган махсус поликлиникалар фаолияти йўлга қўйилган. Уларда 222 та “мобил бригадалар” ташкил этилган.
 

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика