Тошкентда метро ҳаракати яна тўхтаб қолди
Бугун ижтимоий тармоқларда пойтахт метросида яна носозликлар юзага келгани — "Ойбек" ва "Тошкент" бекатлари оралиғида поездлар ярим соатча тўхтаб қолгани ҳақида хабар тарқалди.


Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент метрополитени жамоатчилик билан алоқалар бўлими ходими Илҳомжон Қосимов “Zamon.uz”га маълумот берди.
Жорий йилнинг 28 август соат 14:35 атрофида “Ойбек” бекатидан “Тошкент” бекатига ҳаракатланаётган электропоезд ҳайдовчиси ҳаракат таркибидаги носозликни сезиб, тегишли йўриқномага асосан ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида электропоездни тўхтатган.
Йўриқномага асосан ортидан келган ҳаракат таркиби йўловчиларни “Ойбек” бекатида тушуриб, ёрдам тариқасида юборилган.
Носоз электропоезд йўловчилари “Тошкент” бекатига тушуриб, техник кўрикка юборилган. Носозликни бартараф этиш вақти 9 дақиқани ташкил этган.
Тошкент метрополитени келтирилган ноқулайликлар учун узр сўрайди!
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентдаги метро қурилишида 899 миллион сўм талан-тарож қилингани ҳамда метродаги тирбандликларга тез орада барҳам берилиши ҳақида хабар берилганди.
Муножат Валиева







