Тўйхона ертўласини қиморхонага айлантирган шахсга чора кўрилди
Унда фуқароллар учун қонунга хилоф равишда таваккалчиликка асосланган лотто ўйнашлари учун шароит яратиб берилган.

Қува тумани "Раста" маҳалласи ҳудудидаги тўйхона ертўласида қиморхона борлиги аниқланди.
Ўтказилган текширув давомида ундан қора қопда 1 дан 90 гача бўлган рақамли тошлар, 90 дона рақамли картон, 1 дона касса аппарати, пул солиш учун ёғочдан ясалган сандиқча, 1 дона микрофон, 1 дона карнай, 1 дона артель телевизор, 2 дона камера хотира картаси ва қимматбаҳо совғалар холислар иштирокида далилий ашё тариқасида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қува тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Х.Д.га нисбатан Жиноят кодексининг 278-моддаси 1-қисми (қиморхона ташкил этиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг 278-моддаси (қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш)да кўрсатилган жиноятни содир этган шахс етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Аввалроқ Чустда ертўлада қиморхона устидан жиноий иш қўзғатилгани ҳамда Ангренда қиморга тикилган аёл ҳақида хабар берилганди.
Муножат Валиева







