Бу ҳақида компания ўз веп-сайтида хабар тарқатди.
Унда айтилишича, мазкур заводда "Chevrolet Damas", "Labo", "Lacetti", "Tracker" ва "Malibu" автомобилларини йиғиш йўлга қўйилди.
“Ишлаб чиқариш “Азермаш CP” МЧЖ ҚК заводининг ишлаб чиқариш қувватларида йўлга қўйилган бўлиб, бу ерда жорий йилнинг сентябр ойидан буён "Chevrolet Nexia" ва "Cobalt" автомобиллари ишлаб чиқарилмоқда. Барча маҳсулотлар General Motors (АҚШ) томонидан ўрнатилган жаҳон стандартларига мувофиқ ишлаб чиқарилади”, — деб ёзилган хабарда.
UzAuto Motors Озарбайжонда анчагина катта истиқболларни кўзламоқда. Компаниянинг маълум қилишича, ушбу йўналишдаги кейинги қадам Озарбайжондаги Chevrolet автомобиллари портфолиосини янги перспектив автомобиль моделлари билан тўлдиришдир. Бундан ташқари, келгуси йилларда ишлаб чиқаришни босқичма-босқич ошириш ҳам лойиҳага киритилган бўлиб, 2022 йил охирига келиб, йилига камида 5000 та автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эришиш режалаштирилган.
Маълумот учун, Ҳажигабул саноат квартали таркибига кирувчи “Азермаш CP” Боку шаҳри яқинида жойлашган бўлиб, у “AVTOSANOAT INVEST” МЧЖ (Ўзбекистон) ва “STA INSAAT” МЧЖ (Озарбайжон) томонидан ташкил этилган қўшма компания ҳисобланади.
Мазкур лойиҳалар 2021 йил 21 июлда икки давлат таҳкилотлари томонидан имзоланган келишув асосида амалга оширилмоқда.
“Қардош давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичи 2019 йил октябр ойида, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бакудаги расмий ташрифи вақтида Туркий кенгашнинг саммити доирасида эълон қилинган”, — дейилади хабарда.
Аввалроқ UzAuto Motors депутат Расул Кушербаевнинг танқидига жавоб қайтаргани ҳамда Европа автобозорларида савдо кўлами пасайгани ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев


