Қалбакилигини билмаган ҳолда қалбаки валюта қимматликларини олиб, уни кейинчалик ўтказган шахснинг қилмиши ҳам жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради. Хусусан, Янгиҳаёт туманида уяли алоқа воситасини харид қилиш учун қалбаки АҚШ долларидан фойдаланиш ҳолати қайд этилди.
Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабарига кўра, департаментнинг Янгиҳаёт туман бўлими томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан терговга қадар текширув ўтказилди.
Унда фуқаро Ж.У. интернет тармоғи орқали танишган номаълум шахсга ўзининг “Iphone 12 PRO” русумли уяли алоқа воситасини 900 АҚШ долларига сотиб, эвазига ушбу шахсдан олган 16 дона 50 АҚШ доллари қалбаки эканлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
"Ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний тўлов воситаси ҳисобланган миллий валюта “сўм”дан ёхуд чет эл валютасида очилган ҳисобварақлардан фойдаланиш орқали ўзингизни ноқонуний ҳаракатлардан асраган бўласиз", — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, қалбаки валюталарни олиб киришга бўлган уринишларнинг олди олинганди.
Аввалроқ Тошкентда сохта долларга телефон сотиб олган фирибгар ушлангани, ДХХ томонидан қалбаки пул ишлаб чиқараётган шахслар аниқлангани ҳамда қонунни бузган валютафурушнинг “бозори” ўхшамагани ҳақида хабар берилганди.


