Пахта йиғим-терим харажатларини молиялаштириш тизими такомиллаштирилади
"Пахта хомашёсини етиштириш ва унинг йиғим-терим харажатларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори қабул қилинди.

2022 йил пахта етиштириш ва йиғим-терим учун Қишлоқ хўжалигини молиялаштиришнинг бир нечта тартиблари жорий этилади. Бунда маблағ билан таъминаш давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан амалга оширилади.
Қарорда айтилишича, пахта етиштириш ва йиғим-теримни имтиёзли молиялаштириш тизими кучайтирилади. Бунда мазкур вазифани кластерлар ва Уруғчиликни ривожлантириш марказидаги элита уруғчилик хўжаликлари амалга оширади.
Шунингдек, банклар томонидан Жамғарма ресурсларидан қуйидагилар учун имтиёзли кредитлар ҳам ажратилади:
• пахта-тўқимачилик кластерларига пахта етиштириш учун. Бунда пахта қийматининг 60 фоизигача миқдорда йиллик 10 фоиз миқдорда 24 ойга(18 ойлик имтиёзли давр ва 19-ойдан бошлаб сўнгги 6 ой давомида тенг улушларда қайтариш шарти билан);
• элита уруғчилик хўжаликларига пахта етиштириш учун. Бунда пахта қийматининг 60 фоизигача йиллик 10 фоиз ставкада 14 ойга;
• пахта-тўқимачилик кластерлари ва элита уруғчилик хўжаликларига пахта йиғим-теримини молиялаштириш учун. Бунда пахта қийматининг 20 фоизигача миқдорда йиллик 10 фоиз миқдорида 12 ойга(3 ойлик имтиёзли давр билан).
Пахта-тўқимачилик кластерларига пахта хариди бўйича якуний ҳисоб-китоб учун 12 ойгача миллий валютадаги кредитлар бўйича сумманинг маълум бир қисмини қоплаш учун Жамғарма ҳисобидан компенсасия тўланади.
Эслатма. Бунинг учун кредит фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда бўлиши лозим.
Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга минерал ўғит, ёқилғи-мойлаш, техникага оид масалалар, уларни импорт қилишни мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилади. Бунга ҳар қандай тарзда аралашиш тақиқланади.
Аввалроқ фермер хўжаликлари ер солиғидан озод қилиниши ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев







