Йўл четида таҳқирланган аёл
“Андижонда номуси топталган қиз”, “Сурхондарёда калтакланган аёл”, “Қизилсойда уятсизларча самосуд қилинган аёл”...

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда хотин-қизларнинг таҳқирланиши, аёвсиз калтакланиш ҳолатлари акс этган бу каби хабар ва воқеаларга тез-тез гувоҳ бўляпмиз. Аммо бу вазиятлар кечагина содир бўлгани йўқ! Балки бир неча йиллардан бери ўзбек аёлларининг оғриқли нуқтаси бўлиб келмоқда.
Таҳририятимизга бир аёлнинг эркак томонидан сочларидан тортиб, ураётгани акс этган видео келиб тушди. Ушбу воқеа бугун эрталаб Чилонзор туманининг 14-даҳасидаги “Чопон ота” бекати олдида рўй берган. Эркак ва аёлнинг шахси номаълум. Уларнинг бир-бирига қандай алоқаси борлиги ҳам мавҳум. Аммо биз эътибор қаратмоқчи бўлган масала — катта йўлнинг четида ожиза аёлнинг таҳқирлангани, воқеага одамларнинг эътиборсизлиги. Жамиятда бир аёл одамлар кўз ўнгида қийноққа солинса, хўрланса-ю, наҳотки, бунга гувоҳ бўлганлар жимгина ўтиб кетаверса? Ҳатто, кўра-била туриб, аёлнинг таҳқирланишини аёл кузатиб тураверса? Буни қандай изоҳлаш мумкин? Лоқайдликми, бепарволикми ёки инсон тақдирига бефарқликми? Спарк русумидаги автомашина эгаси тўхтаб, аёлни қутқармаганида унинг кейинги тақдири аянчли тугаши ҳеч гап эмас эди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2021 йилда аёлларга зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ 598 та иш кўрилиб, 508 нафар шахсга айблов ҳукми чиқарилган. Хотин-қизларга нисбатан қайд этилган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг 73 фоизи уларнинг оилаларида содир этилган. Бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида 2019 йил 2 сентябрида “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” Қонун қабул қилинди. Ҳужжатда зўравонлик, тазйиқ каби тушунчаларнинг ҳуқуқий таърифи келтириб ўтилган. Шу билан бирга қонунга “Ҳимоя ордери” деган янги тушунча киритилди. Ҳимоя ордери — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимояси тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёки бир гуруҳ шахсларга нисбатан таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат. Ҳимоя ордери зўравонликка учраган хотин-қизларнинг зўравонликка учраши сабабларини аниқлашга ва бартараф этишга хизмат қилади.
Бир аҳмоқнинг калтабинлиги натижасида бир умрнинг завол топиши, унинг тақдирига нуқта қўйилиши ҳеч гап эмас. Аёллар! Ўзингизнинг ҳақ-ҳуқуқларингизни билинг! Зўравонлик ёки тазйиқ қурбонига айланманг!
Баҳринсо Мадумарова







