Шавкат Мирзиёев: Журналистлар ҳамиша президент ҳимоясида бўлади
Тошкент шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг қурултойи бўлиб ўтди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури – Янги Ўзбекистон стратегиясининг асосий йўналишлари бўйича маъруза қилди.


Ўзбекистон Либерал-демократик партияси съездида иштирок этган Шавкат Мирзиёев журналистлар масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.
“Биз очиқлик ва ошкоралик, жамоатчилик билан фаол ҳамкорлик йўлидан қатъий борамиз.
Ижтимоий соҳа объектларини қуриш, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, ҳудудий инфратузилма дастурлари доирасидаги лойиҳалар очиқ эълон қилиниб, кенг жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқилади.
Шунингдек, субсидия, грант ва ижтимоий буюртмалар ажратиш орқали нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш ҳажми, 2 баробар оширилади.
Оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давом эттирилиб, журналистларнинг эркин фаолият юритишлари учун, зарур шарт-шароитлар яратилади.
Мен, ҳақиқат ва адолатни ўз эътиқоди деб биладиган барча журналистларни, ислоҳотларнинг фаол иштирокчилари, деб биламан ва улар ҳамиша Президент ҳимоясида бўлади. Бу фикрни бугун яна бир бор таъкидлайман”, – деди президент ўз нутқида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев мен учун бундан улуғ бахт, бундан буюк шараф ва масъулият йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас дея айтганди.







