Ўғлини автомобиль уриб юборган ота мурожаати бўйича маълумот берилди
Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида тунги вақтда ЙТҲ юз берган. Оқибатда, ҳайдовчи 14 ёшли пиёдани уриб юборган.


Ижтимоий тармоқда ўғлини автомобиль уриб юборган ота мурожаат билан чиққани ҳақида видео тарқалганди. Мазкур ҳолат юзасидан ЙҲХББ ахборот хизмати маълумот берди.
Унда айтилишича, жорий йилнинг 12 сентябрь куни соат 01:30 ларда Тошкент вилояти, Ўртачирчиқ тумани ҳудудидан ўтган 4Р20 “Қорасув –Бекобод” автомобиль йўлининг 8-километрида ҳайдовчи, 1980 йилда туғилган Т.М. бошқарувида бўлган "Маtiz" ҳамда ҳайдовчи 1978 йилда туғилган Г.Э. бошқарувида бўлган "Damas" русумли автомобиллар иштирокида ЙТҲ содир бўлган.
ЙТҲ оқибатида "Damas" ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўлнинг ўнг томонида турган 2007 йилда туғилган пиёда А.К.ни уриб юборган.
Олиб борилган дастлабки тергов олди суриштирув жараёнларида “Matiz” русумли автомобиль ҳайдовчиси Нурафшон шаҳар тиббиёт бўлими шифокорининг хулосасига кўра, маст ҳолда экани аниқланган. Мазкур ЙТҲ юзасидан Жиноят Кодексининг 266-модда 2-қисмига кўра жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззахда 6 ёшли болани асфальт ётқизиш машинаси босиб кетганди. Шунингдек, Нукусда “Matiz” маст пиёдани уриб юбориши оқибатида жабрланувчи шифохонада вафот этгани ҳақида хабар берилган.
Баҳринисо Мадумарова







