Мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларини карантинга ёпишга ҳеч қандай асос йўқ — Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда пойтахтимизда болалар ўртасида юқори нафас йўллари яллиғланиши билан боғлиқ номаълум юқумли касаллик тарқалаётгани, “Тез ёрдам” хизматига болаларда иситма кўтарилиши билан боғлиқ чақирувлар сони кескин ортгани, шу боис бу қандай касаллик эканини аниқлаш ҳамда пойтахт умумтаълим мактаблари ва болалар мактабгача таълим муассасаларини 10 кун муддатга карантинга ёпиш лозимлиги тўғрисида хабарлар тарқалди. Бу эса одамлар орасида турли тушунмовчиликларга сабаб бўлди. Аслида, номаълум вирус тарқалаётгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга зид. Бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.


Унда айтилишича, ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат йўллаган ушбу шахс тиббиёт ходими бўлган. Аммо бу у тўғри гапиряпти дегани эмас. Соҳада белгиланган тартибга мувофиқ, шифокор ўз амалиётидаги хулоса ва фикрларини “Тез ёрдам” хизматининг навбатчи бригадаси бошлиғи ёки муассасанинг масъул раҳбарига, шунингдек, тизимнинг мутасадди экспертларига билдириши лозим. Агар унинг фикри чиндан ҳам асосли бўлса, муаммони ечиш бўйича ўрнатилган тартибда қарор қабул қилинади ва ижрога йўналтирилади.
Ижтимоий тармоқларда вазирлик номига “Бу қандай касаллик?” – дея мурожаат йўллаш орқали кенг омманинг фикрини нотўғри шакллантириш, аҳоли ўртасида асоссиз ваҳима ва безовталикни қўзғашга сабаб бўлувчи бундай чиқиш мутахассисдан катта масъулият талаб қилади.
Вазирликнинг таъкидлашича, ушбу тиббиёт ходимининг бундай позицияси соҳада ўрнатилган тартиб ва касб этикасига умуман зиддир.
Аслида, ҳар йили куз ва қиш фасли грипп ҳамда ўткир респиратор вирусли инфекция касалликлари авж оладиган палла ҳисобланади. Шу боис, бу йил ҳам айни шу мавсумда юртимизда нафақат болалар, балки катталар ўртасида ҳам йилнинг бошқа даврларига нисбатан грипп ва ЎРВИ хасталиклари нисбатан кўпроқ кузатилади.
Пойтахт шифохоналарига ўткир респиратор вирусли инфекция касалликлари билан ётқизилаётган барча болалардан коронавирус инфекциясига ПЗР тест таҳлиллари олиниб, касалликка қарши текширилмоқда, бироқ уларнинг деярли барчасида касаллик аниқланаётгани йўқ. Сўнгги ҳафтада юртимизда коронавирус касаллигининг умумий статистикасида ҳам пасайиш бўлаётганини ҳисобга олсак, болаларда учраётган ҳароратнинг кўтарилиши ва бошқа симптомлар CОВИД-19 инфекцияси билан боғлиқ эмас.
— Тана ҳарорати кўтарилиши билан шифохонага мурожаат қилаётган болалар текширувдан ўтказилганда, уларда ҳеч қандай номаълум вирус аниқланмагани, касалликни оддий ўткир респиратор вирусли инфекциялар қўзғатаётгани маълум бўлмоқда. Шундай экан мавсумий касалликдан фожеа ясаш, шусиз ҳам бугунги мураккаб пандемик шароитида яшаётган одамлар орасида асоссиз ваҳима уйғотиш яхши ҳолат эмас, деб ўйлайман.
Қолаверса, ҳар йили тиббиёт ходимлари куз мавсуми бошланиши вақтида аҳолидан грипп касаллигига қарши эмланишни тавсия қилади. Чунки грипп касаллиги танада кўпроқ асоратлар қолдириши билан хавфли ҳисобланади. Бошқа ўткир респиратор вирусли инфекциялар эса танада деярли салбий ўзгаришлар қолдирмайди. Шунингдек, гриппга қарши эмланиш орқали инсонда “чорраҳа иммунитети” шаклланиб, бу бошқа ЎРВИ касалликларига қарши ҳам муҳим ҳимоя ҳисобланади, — дейди Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат АТАБЕКОВ.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшимча қилишича, жорий йил сентябрь ойи бошидан буён юртимизда мавсумий ўткир респиратор вирусли инфекциялар тарқалиши тўлиқ назоратга олинган ва касаликка чалинган барча болалар шифокорлар назоратида.
— Мамлакатимиздаги умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларини карантинга ёпишга ҳеч қандай асос йўқ. Юртдошларимиздан ижтимоий тармоқларда тарқалаётган турли нотўғри хабарларга ишонмаслик ҳамда ваҳимага тушмасликларини, агар фарзандингизда тана ҳарорати кўтарилиши, бурун оқиши, аксириш каби белгилар кузатилса, оилавий шифокорга мурожаат қилишларини сўраймиз, – дейди вазирлик матбуот хизмати.
Аввалроқ мактабларда анъанавий шаклда дарслар бошлангани касаллик авж олишига қанчалик таъсир этиши, Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори халққа мурожат билан чиққани ҳамда пандемия даврида болалар ва ўсмирлар орасидаги руҳий касалликлар икки баравар ошгани ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев







