“Муштум” “танаффус”дан қайтди. Энди унинг эртаси қандай бўлади?
“Муштум” журнали икки йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси кўмагида яна чоп этила бошлади. Бу, албатта, журнал мухлисларини қувонтиради.

Янги нашр 3 минг нусхада, оқ қоғозга босилган. Энди ижтимоий тармоқларда унинг саҳифаларини ҳам йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Бундан 98 йил бурун Абдулла Қодирий ва яна бир гуруҳ зиёлилар ташкил қилган “Муштум” ўз вақтида, чин маънода, “мазлумлар мушти” бўлиб, муттаҳамнинг бошига, порахўрнинг юзига тушди. Унда босилган ҳажвиялар, фельетонлар “менман” деган нотиқнинг нутқидан таъсирли, ўткир эди. Халқ шунинг учун ҳам “Муштум”ни севиб ўқирди. Уйининг тўрида асрарди. Қайта-қайта, такрор-такрор ўқирди.
Бир вақтлар миллий публицистикамизда ҳажв, фельетон ва юмор сўзлари “Муштум”дан кейин айтиларди. У пайтларда журналнинг адади шундай “рекорд” даражагача етган эдики, ҳар 15 кунда 850 минг ададда нашр қилинган. Обуначилар унинг кейинги сонларини интиқ кутиб, қўлига олганида ҳаяжон билан ўқиган.
“Муштум” ҳажвий, танқидий, кўнгилочар журнал дея оммага қайта таништирилар экан, “кўнгилочар” сўзини эҳтимол “сирочар” сўзи билан алмаштириш вақти келгандир, деб ўйлайди, киши. Яъни, танқиднинг “кўнгилочар”и эмас, “сирочар”и бўлади. “Муштум”нинг вазифаси эса кўнгил очиш эмас, муаммони ҳажв билан танқид қилишдир.
— Шахсан мен журналнинг “кўнгилочар” деган жойига қаршиман. Таҳлилий-танқидий дейиладиган бўлса, қўшилишим мумкин. Чунки ҳамма нарса кўнгилочар бўлиб кетди. Телевидениелар кўнгилочар, газеталар кўнгилочар. Демоқчиманки, журнал “кўнгилочар” бўлмасин. Кўнглимиз очилиб ҳам, сочилиб ҳам бўлди. “Муштум” ҳақиқий маънода танқидий журнал бўлиши керак, – дейди “Қишлоқ ҳаёти” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Ҳабиб Темиров.
— Мансабдор журналнинг ҳар бир сонини қўлига олганида “мени “уриб” чиқишмадимикин?” деб юрак ютиб варақлаши, халқ эса унда ўзининг тилини, дардини топиши ва ўқиши лозим. “Муштум” ўзининг анъаналарини тиклаши зарур, – дея урғулайди “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев.
Қайта нашр қилинган “Муштум” ўзининг довруқли ўтмишини такрорлай оладими? Балки ундан ҳам юксакка чиқар? Ёки бугунги тантанали очилиш маросимидан ҳеч қанча вақт ўтмасдан яна танаффусга чиқиб кетадими? Нашрнинг йўли ва келажаги энди қандай бўлади? Журналнинг тақдимот маросимида сўзга чиққан таниқли журналист, соҳа тадқиқотчилари ва ҳажвчилар ана шундай саволларни ўртага ташлади, ўз таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Аввалроқ "Янги Ўзбекистон" китоб-альбомининг тақдимоти ўтказилгани ҳамда Ҳиндистон нашрларида миллий нашрларимиздан бири ҳақида мақола босилиб чиққани ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев







