Самарқанддаги портлаш юзасидан жиноят иши қўзғатилди
Маълум бўлишича, Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳри, Тошкент кўчаси 145-уйда газ портлаши содир бўлди.


Мазкур портлаш маҳалла ўртасидан олиб ўтилган автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасига тегишли 4 та йирик (6 кг.лик) газ қувурларининг носоз ҳолга келиб қолгани сабабли содир бўлган.
Хонадон эгаси Қаҳрамон Султоновнинг айтишича, ўша куни хонадонга қўшни Қозоғистон Республикасидан меҳмон келиб, улар тонггача суҳбатлашиб ўтирган. Тонгги соат 4:15 атрофида портлаш юз берганида ҳам ҳамма уйғоқ бўлиб, дарҳол ташқарига отилган. Афсуски, шунга қарамай икки киши куйиш тан жароҳати олган. Жумладан, қозоғистонлик меҳмон жиддий куйиш тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган. Уй эгасининг акаси ҳам жароҳатланган.
Ҳудудда яшовчи аҳоли хавф эҳтимоли борлиги ҳақида бир йилдан буён вилоят ва республика даражасидаги қатор идораларга мурожаат қилиб келаётгани айтилмоқда.
Маҳалла аҳолиси мазкур ҳудудда бундай воқеа иккинчи марта кузатилаётганини айтмоқда. Улар шу сабабдан ҳам нажот сўраб қатор идораларга мурожаат қилган.
Мазкур ҳодисадан сўнг "Каттақўрғоншаҳаргаз" газ таъминоти бўлими мутасаддилари иштирокида маҳалладан ўтказилган қувурлар қазиб текширилганда, АГҚШга тортилган йирик газ қувурларидан бири ёрилиб, газ шу орқали тарқагани аниқ бўлган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Навоийда газ қуйиш шохобчаси портлагани ва Озода Нурсаидовани туғилган кунида газ орқали шиширилган шарлар портлаб кетгани ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова







