Умумий овқатланиш корхоналари ва сайёҳлик фирмалари пандемия шароитида қўллаб-қувватланмоқда
Айни вақтгача Тошкент вилоятида 1 100 дан ортиқ умумий овқатланиш корхонаси мавжуд.

Шундан қийинчиликка учраётган 809 та умумий овқатланиш корхонасига жорий йилнинг охирига қадар юридик шахслардан олинадиган ер ва мол-мулк солиқлар тўловида имтиёз берилди.
Улар жами 1,9 миллиард сўм, жумладан, ер солиғидан 1,4 миллиард сўм, мулк солиғидан 0,6 миллиард сўм тўлашдан озод қилинди.
Пандемия шароитида умумий овқатланиш корхоналари ва сайёҳлик фирмаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 2021 йил августда қабул қилинган “Умумий овқатланиш ва туризм соҳаларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб, 2021 йил 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналарини юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ тўлашдан озод қилиш белгиланди.
Шунингдек, мазкур айланмадан олинадиган солиқ, фойда солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ҳамда юридик шахслардан олинадиган ер солиғини иккига бўлиб тўлаш банди ҳам қўшилган.
Бундан ташқари, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва йиғимлар бўйича 2021 йил 15 август ҳолатига кўра мавжуд қарздорликни кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаш ҳуқуқи ҳам берилади. Шу билан бирга, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ариза юбормасдан туриб, барча солиқлар бўйича жарима ва пеняларни 2022 йил 1 январдан 1 июлга қадар тенг миқдорларда кечиктириб тўлаш ҳуқуқи берилади. Бунда фоизлар ҳам ундирилмайди.
Маълумот учун: уларнинг бугунги кундаги мавжуд қарзи 8 миллиард сўмни ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал 1 июлдан тадбиркорларга қандай имтиёзлар берилилиши ҳамда Президент ваъда қилган машина ёш тадбиркорга топширилгани ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова







