Айдар-Арнасой кўллар тизимидаги махсус ҳудудда ўрдак овлаганлар қўлга олинди
Мазкур шахслар 7 дона ўрдакни овлаган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси хабар берди.
Маълум бўлишича, Навоий вилояти Экология бошқармасининг Айдар-Арнасой кўллар тизимининг сув объектларини муҳофаза қилишга ихтисослаштирилган тезкор гуруҳи давлат инспекторлари томонидан назорат рейд тадбири ўтказилди.
Тадбир давомида Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида яшовчи фуқаролар Ш.Ш ва Ш.А томонидан ов йўлланмасида белгиланган миқдордан ортиқча ўрдаклар овланганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқароларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 90-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Унга кўра, 2 700 000 сўм миқдорда жарима ва 1 890 000 сўм табиатга етказилган зарар белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 16 донагина қолган сиртлонлардан бири ўлдирилганди. Шунингдек, Ҳисор қўриқхонасида ҳам ноёб тоғ эчкисини овлаганлар қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова







