Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси кимларга берилиши маълум бўлди
Мазкур нафақа иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида тўланади.

Бу маблағни оладиган шахсларнинг ёш ва имтиёзли тартиби белгиланди:
— ишлаётган 1941 – 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига;
— байналминал жангчилар ва уларга тенглаштирилганларга;
— қарамоғида 16 ёшга (ўқувчилар 18 ёшга) етмаган 3 ёки ундан ортиқ болалари борларга;
— Чернобил АЭСдаги аварияни тугатишда қатнашганларга;
Бундан ташқари, Чернобил АЭСдаги авария натижасида радиоактив ифлосланиш зонасидан эвакуация қилинган ва кўчирилган, ўткир лейкоз, аденома, рак ва хавфли ўсмали касалликка чалинганларга ҳам таъминот ажратилади.
Шунингдек, меҳнатда майибланиш ва касб касаллиги натижасида вақтинча меҳнатга қобилиятсиз бўлганлар ҳам бундан мустасно эмас.
Юқоридаги ҳолатлардан ҳоли тарзда бошқа ходимларга қуйидаги миқдорларда тўланади:
— иш стажи 8 йил ва ундан кўп ходимларга ва 21 ёшга етмаган чин етимларга иш ҳақининг 80 фоизи миқдорида;
— иш стажи 8 йилгача ходимларга иш ҳақининг 60 фоизи миқдорида меҳнатга қобилиятсизликнинг имтиёзли нафақаси тўлаб берилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича низомга қисқача шарҳ ҳамда “Болалар пули”ни олиш оила аъзоларига тақсимланадиган ойлик даромадга боғлиқлиги ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, “Болалар пули” бола сонига қараб белгиланиши ва кам таъминланган оила фарзандларига моддий ёрдам кўрсатилиши ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова







