14 йилдан сўнг фош этилган қотиллик
Эркак маст ҳолда кўнгилхушлик қилиб, сўнг фоҳиша аёлни ўлдириб қўйган.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида мазкур иш кўриб чиқилиб, судланувчи Акрам Раҳмонов 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда UzA хабар қилди.
1975 йилда туғилган, муқаддам икки маротаба судланган, Фарғона шаҳрида яшовчи А.Раҳмонов 2007 йилнинг 4 ноябрь куни соат 19:30 да маст ҳолда кетаётиб, кўчада маҳалладоши Т.Муйдиновни кўриб қолади. Учрашув давомида у кўнгилхушлик қилишни таклиф қилади.
Икковлон “енгил табиатли” аёллар турадиган жойга келиб, марҳума М.Холбекова ҳамда Т.Пайзиева билан танишиб, дам олиб ўтириш учун уйига боришади. Уйда ўзлари билан олиб келган спиртли ичимликларни истеъмол қилгач, соат 23:00 ларда Т.Пайзиева уйига кетади. Ичкилик авжига чиққанда Акрам уй эгаси билан ўзаро жанжаллашиб қолади. Жанжал давомида аёл уни уятли сўзлар билан ҳақорат қилади. Бундан ғазабланган эркак хонада турган DVD аппаратининг электр сими билан аёлнинг бўйнидан бўғади. Оқибатда, аёл ҳушини йўқотиб, йиқилади. Қотил уй эгасини ўлган деб ўйлаб, жиноятга гувоҳ бўлган маҳалладошига бўлган воқеа ҳақида ҳеч кимга айтмасликни уқтириб, хонадондаги DVD ва "Siemens" русумли телефонни ўғирлаб кетади.
Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан М. Холбекова олган тан жароҳати натижасида 2007 йилнинг 5 ноябрь куни шифохонада вафот этади.
– Ўғирланган нарсаларни уйга олиб киришдан қўрқиб, ёнимиздаги ариқ ён томонига кўмиб қўйдим. Орадан беш-олти кун ўтгач, Россияга кетдим. У ерда олти ой ишлаб қайтиб келиб, кўмиб қўйилган аппаратларни қараганимда жойида турган экан. Ишлатмоқчи бўлдим, аммо қўрқдим. Бундан ташқари, эскириб, занглаб кетган эди, бўлакларга бўлиб, лўлиларга сотдим. Ҳеч ким шубҳаланмагани учун воқеани ҳаммадан сир сақладим. Шеригимга ҳам тилига маҳкам бўлмаса, ёмон бўлишини билдириб, огоҳлантирганим учун жим юрди. Аслида, уни ўлдириш ниятим бўлмаган. Фақат у нафсониятимга теггани учун ўзимни тутиб туролмадим. Қилган ишларимдан пушаймонман, — дейди судда Акрам Раҳмонов.
Суд иш ҳужжатларини кўриб чиқиб, А.Раҳмоновни Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) ва 169-моддаси (ўғрилик) билан айблаб, унга нисбатан 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинланди.
Аввалроқ Қаршида бар ходими меҳмонни пичоқ билан ўлдиргани ҳамда Россияда 33 ёшли аёлни бўғиб ўлдирган ўзбекистонлик эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.
Муножат Валиева







