Фавқулодда ҳолат жорий этилгани ҳақида чегарадош давлатларга дипломатик каналлар орқали хабар берилади
Сенаторлар томонидан “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги конституциявий қонун маъқулланди.

Республика бўйича жорий этиладиган фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш муддати ўттиз суткадан, унинг айрим жойларида жорий этиладиган фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш муддати эса олтмиш суткадан ошиши мумкин эмаслиги таъкидланмоқда.
Эслатма. Фавқулодда ҳолат, одатда, вақтинчалик тадбир бўлиб, у реал ташқи хавф, оммавий тартибсизликлар, ички қуролли можаролар, йирик ҳалокат, табиий офат, эпидемиялар юз берган тақдирда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун ҳукумат томонидан жорий этилади.
Фавқулодда вазиятлар юз берган тақдирда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашни кўзлаб, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этилади ва қабул қилинган қарор уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари тасдиғига киритилади. Фавқулодда ҳолат жорий этиш шартлари ва тартиби қонун билан белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 93-модда (19-банд).
Таҳлил сифатида айтиш керакки, Фавқулодда ҳолатларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқларига махсус қонун билан белгиланган тартибда чекловлар қўйилади. Шунингдек, уларга қўшимча вазифа ва мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати хабарига кўра, Қонунда фавқулодда чоралар, уларнинг таъсири доираси, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, юридик шахслар ҳуқуқ ва эркинликларига ўрнатилаётган вақтинчалик чекловлар, уларга юклатилаётган қўшимча мажбуриятлар, кучга кириш вақти ҳамда амал қилиш муддати каби бир қанча чоралар тартибга солинмоқда.
Шунингдек, агар фавқулодда ҳолатни жорий этиш мақсадларига эришилмаган бўлса, фавқулодда ҳолатнинг амал қилиши Президент фармони билан яна бир муддатга узайтирилиши мумкин. Лекин мазкур фармон парламент томонидан тасдиқланиши керак.
Фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш учун Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, шунингдек, Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимига кирувчи бошқа давлат органлари ҳамда ташкилотларининг кучлари ва воситаларидан фойдаланилади.
Алоҳида ҳолларда эса, юқоридагиларга қўшимча равишда, фавқулодда ҳолат режимини сақлаб туриш учун Президент фармонига асосан Мудофаа вазирлигининг кучлари ва воситалари ҳам жалб этилиши мумкин.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Аввалроқ Олий Мажлис Сенати фавқулодда ҳолат тўғрисидаги қонун ва бошқа ҳужжатларни кўриб чиқиши ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев







