Фирибгар талабалар ушланди
Улар фуқаролардан 3 700 ва 4 900 АҚШ доллари талаб қилган.

Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум бўлишича, Навоий давлат педагогика институти талабаси У.Ё. фуқаро М. билан унинг синглисини 3 700 АҚШ доллари эвазига институтнинг бошланғич таълим йўналишига ўқишга киритиб қўйишга келишган. У 2 000 АҚШ доллари ва 17 миллион сўм пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, департаментнинг Олтинсой туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда ҳам Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиали талабалари Н.К. ва Б.Т. фуқаро С.ни Тошкент давлат аграр университети Термиз филиалида таълим олаётган қизининг ўқишини танишлари ёрдамида Тошкент тиббиёт академиясига кўчириб беришига ишонтирган.
Айтилишича, ундан 4 900 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган. Текширув давомида Н.К. ва Б.Т.лар томонидан қайтарилган 4 900 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон ва Хоразм вилоятларида ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган институт ҳисобчиси ва талаба қўлга олинганди. Шунингдек, Бухорода ўқишга киритиб қўйишини айтиб, фуқародан 300 доллар сўраган, Сурхондарёда талабаларни 5,4 млн сўмга чув тушириб кетган шахс ҳамда Навоийда 2.000 доллар эвазига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган ўқитувчи ушлангани ҳақида хабар берилганди.







