Совуқ қуролни олиб юриш жавобгарликка сабаб бўлади
Қайси вақтда фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилмайди?

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 185-2-моддасига асосан, совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни жамоат жойларида очиқ(ғилофсиз) ҳолда олиб юриш қатъиян тақиқланади ва БҲМнинг иккидан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, совуқ қуролни ва совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни жамоат жойларида олиб юриш ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб ёки мусодара қилмай, БҲМнинг 1 бараваридан - 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Бу тартибга, худди шунингдек ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида олиб юриш ҳам киради ва у ҳам тақиқланади.
Бироқ бундан мустасно ҳолатлар ҳам мавжуд. Агар фуқаро улардан ов қилишда, касбий фаолиятда, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш учун олиб кетаётган бўлса, унда бу хатти-ҳаракатлар қонун бузилиши ҳисобланмайди ва маъмурий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлмайди.
Бундан ташқари, агар мазкур қуроллар юқоридаги талабга жавоб бермаса ва узунлиги 90 мм дан ортиқ бўлса, маиший мақсадларда фойдаланишга мосланмаган бўлса, уларни таъмирлаш, сақлаш, сотиб олиш, мамлакат ҳудудига олиб кириш ва яна шунга ўхшаш ҳолатлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Бунда фуқаро БҲМнинг 5 баробаридан 10 баробарига жарима тўлайди ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олиш билан жазоланади.
Аввалроқ Жарқўрғонда ака-укаларнинг ўзаро жанжали пичоқбозлик билан якунлангани ҳамда Ҳомиладор хотини ва қайнотасини чопқи билан чопиб ташлаган эркак 20 йилга қамалгани ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев







