Фарғонада аёли ва қизини қасддан ўлдирган эркак 19 йилга қамалди
Эркак маст ҳолда қайнотасининг уйига келиб, алимент тўламаслик мақсадида хотини ва 2 ёшли қизини пичоқлаган.

Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандини қасддан ўлдиришда айбланган эркакка суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда “Zamon” дастурида маълум қилинди.
Маълумотларга кўра, 2025 йил 3 ноябрь куни спиртли ичимлик таъсирида қайнотасининг уйига келган фуқаро Ҳайитов турмуш ўртоғи билан учрашган. Аёл аввалроқ турмуш ўртоғини алимент ундириш масаласида судга берган ва суд қарорига кўра эркак 15 суткага қамалган.
Қайд этилишича, эркак жазо муддатини ўтаб чиққач, эр-хотин ўртасидаги можаро янада кескинлашган. Тергов маълумотларига кўра, у алимент тўлашдан қутулиш мақсадида вояга етмаган фарзандлари кўз ўнгида чўнтагида олиб келган ошхона пичоғи билан турмуш ўртоғига бир неча маротаба тан жароҳати етказган. Шундан сўнг у 2023 йилда туғилган қизига ҳам пичоқ билан зарба берган.
Зарбалар натижасида бола воқеа жойида ҳалок бўлган, аёл эса шифохонага олиб кетилаётган вақтда вафот этган. Жиноятни содир этган эркак воқеа жойидан қочиб кетган.
Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон тумани суди уни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “ж”, “и” бандлари билан айбдор деб топиб, 19 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди. У жазони умумий тартибли колонияда ўтайди.
Аввалроқ Сирдарё вилоятида аёл шаръий никоҳдаги эрининг қонуний хотинини ва 5 ёшли қизини пичоқлаб ўлдиргани ҳақида хабар берилганди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Аёл қамоққа олинган.








