Фуқароларни Корея Республикасига ишга юборишни ваъда қилган фирибгарлар қўлга тушди
Андижон ва Фарғона вилоятларида фуқароларни Корея Республикасига ишга юборишни ваъда қилганлар ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.


Маълум қилинишича, фуқаро Ж.М. икки нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларни танишлари орқали 10 000 АҚШ доллари эвазига Кореяга ишга юборишини айтиб, олдиндан 3 200 АҚШ долларини олган вақтида Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Андижон вилоятИ бошқармалари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Бундан ташқари, Марғилон шаҳрида ҳам фуқаро А.К. бошқа бир фуқаро О.ни 7 000 АҚШ доллари эвазига Кореяга ишга юборишни ваъда қилиб, олдиндан 4 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Бухорода БухДУга киритиб қўйишни ваъда қилиб $4 минг олган фирибгар ушлангани ҳамда Жарқўрғон туманида заҳирадаги ерни сотмоқчи бўлган фирибгар қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.







