"Golden Cash" таъсисчилари устидан жиноий иш қўзғатилди
Ҳар бирига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

29 ёшли Украина фуқароси M.M. Тошкент шаҳрида “Голден Саш сторе” МЧЖ номи билан хорижий корхона ташкил этган. Бир гуруҳ ҳамтовоқлари билан олдиндан тил бириктириб, фуқароларни тарғибот-ташвиқот ишлари ҳамда интернет тармоғи орқали ёлғон маълумотлар бериб авраган. Корхонадан тилла ва кумуш буюмларини сотиб олиш йўли билан йиллик 260 % гача даромад бериб боришни айтиб, уларни алдаган. Фуқароларнинг ишончига кириб, пул маблағларини қабул қилган. Бунда мижозлар олдидаги мажбуриятларини янги мижозлар ҳисобидан қоплашган. Яъни, гўёки даромад сифатида пластик карталарига маълум миқдорда пул маблағларини ўтказиб туришган. Мана шундай қинғир ишлари билан республика бўйича кўплаб фуқароларнинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини қўлга киритишган.
Жорий йилнинг 17 ноябрь куни “Голден Саш Сторе” МЧЖ кўринишдаги хорижий корхона мансабдор ходимига нисбатан ЖКнинг 1881-моддаси 2-қисми "в", "г" бандлари (пул маблағларини ва (ёки) бошқамол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича фуқароларга етказилган зарарни аниқлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Чет эл фуқаролари M.M., Б.К., С.T., A.С. ва X.Ш.ларга Жиноят кодексининг 1881-моддаси 2-қисми "в", "г" бандлари билан айблов эълон қилиниб, ҳар бирига нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Аввалроқ тадбиркорнинг 1 миллиард сўмини қўлга киритган фирибгар ушлангани ҳамда тадбиркорга кўп қаватли уй қурилишини олиб беришни ваъда қилган фирибгарлар ушлангани ҳақида хабар берилганди.
Муножат Валиева







