Қашқадарё вилояти ҳокимлиги 450 миллион сўмга Equinox автомобилини харид қилиш учун UzAuto Motors дилери билан шартнома имзолади. Шартнома Давлат харидлари порталига жойлаштирилган.
Бунга вилоят ҳокимининг 2022 йил 18 октябрдаги 834-4-0-Қ/22 сонли қарори асос қилиб келтирилган.
P.S.: Оддий халқ ойлар давомида ололмаётган қимматбаҳо автомобилни ҳокимлик таниш-билиш орқали қисқа вақтда олмоқчи бўлган.
Эслатиб ўтамиз, март ойида Президент вазир ва ҳокимларга йил охиригача автомобиль ҳамда бошқа айрим харидларни тақиқлаганди. Давлат раҳбари йил якунига қадар барча ҳокимлик, вазирлик ва идораларга:
— молиявий манбаси аниқ бўлмаган қурилишларни бошлаш;
— бино таъмирлаш, автомобиль, мебель, офис анжомлари харид қилиш каби қўшимча харажатларни амалга оширишни қатъиян тақиқлаган.
Маълумот ўрнида, ҳукумат қарори билан туман ҳокимлари хизмат машиналари нархлари базавий ҳисоблашнинг 1000 бараваридан, двигатель энг юқори қуввати 2000 сантиметр кубдан ошмаслиги келтирилган. Агар туман тоғли ҳудуд бўлса, бу қувватни 3000 сантиметр кубгача оширишга рухсат берилиши мумкин. Базавий ҳисоблаш миқдорининг истисно чегараси кўрсатилмаган.