Жамият

Меҳрли қалбларнинг меҳрли уйи

Ҳар бир қалбда меҳрга, муҳаббатга интиқлик туйғуси яшайди.

Меҳрли қалбларнинг меҳрли уйи

 

Умрнинг бирор они йўқки, киши айни ташналик ҳиссини туймаган ва унинг қондирилишидан кўнгли нурга тўлмаган бўлса. Эзгулик заминида бўй ростловчи меҳр, муҳаббат, саховат, қадр-қиммат туйғуларининг борлиги қалбларни мудом нурлантириб туради. Айниқса, ота-она меҳридан мосуво болаларнинг ўтмиши, қисмати, оғриқлари ўхшаш. Уларнинг болалигига муҳрланган аччиқ хотиралари қалбида чандиқ бўлиб қолиб кетган. Бу каби синовларга йўлиққан болалар кўнгил озиғи, ҳаёт тиргаги бўла олувчи МЕҲР ва ЭЪТИБОРга айрича эҳтиёж сезади. Орамизда шундай инсонлар борки, уларнинг ҳаёти яхшиликлар, савобли амаллар ила йўғрилган.

Бундан аввал фарғоналик Валиевлар 6 фарзандни тарбиясига олгани ҳақида ёзгандик. Улардан ўрнак олиб, бугун Болабоевлар ҳам Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган 5 фарзандни тарбиясига олди.

Жўрахон опа Каримова умрининг салкам 13 йилини Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги “Болалар шаҳарчаси”даги болаларга бахшида этди. Қалби ўксик болаларга ўз ўрнида ОНА, кези келганда ота, устоз, ўртоқ, дугона, сирдош бўла олди. Болаларнинг биргина кулгуси, шодлиги учун боридан-да кечишга тайёр бу аёлнинг оиласи бугун нурга, бағри чин маънода болаларнинг шодон кулгуси, меҳр-муҳаббати ила тўлди. Боиси, бугун Болтаевлар хонадонида “Оилавий болалар уйи” ташкил этилди.

 

 

Баҳодир ака ва Жўрахон опа асли Фарғонанинг Бешариқ туманидан. Иш фаолияти юзасидан улар Сирдарё вилоятида яшайди. Тўрт нафар (икки ўғил, икки қиз) фарзанди бор. Барчаси олий маълумотли. Чет тилларини билади. Улар ўз соҳалари бўйича турли ютуқларга эришиб, юртимиз тараққиёти йўлида муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

— Ҳар бир бола бахтиёр яшашга, бахтли бўлишга ҳақли. Барча тенгдошлари қатори етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳам тўлақонли тарбия олиш, даволаниш, ўқиш, ўзи қизиққан фаолият билан шуғулланиш орқали қобилиятини намоён этиш, вақтини мазмунли ўтказиш имконига эга бўлиши керак. Бу масалага ҳукумат даражасида эътибор қаратилганининг ўзиёқ, болаларга муассасалар ва ундан кейинги ҳаёт йўлида ўз ўрнини топишларига ҳар томонлама кўмаклашиш учун ҳозирданоқ ҳаракат бошлашимизга туртки бўлди.Болаларни тарбиямизга олишимизни айтиб, мурожаат қилганимиздан сўнг Миллий гвардия ходимлари келиб, оилавий шароитимизни ўрганди. Орадан икки кун ўтар-ўтмас, ҳужжатларни расмийлаштириб, болажонларимни бағримга олиб келиб беришди.

 

 

Очиғи, ўша куни уйимизда усталар ишлаётганди. Уларга вазиятни тушунтирдик. Ишларини кейинроқ давом эттиришларини айтиб, рухсат бериб юбордик. Уста ишлаган хонадонни кўз олдингизга бир келтиринг: ҳамма жой алғов-далғов... Хуллас, “оёғимни қўлимга олиб” уйларни тозалашга, болаларга хона ҳозирлашга тушдим. Дилбандларимнинг келишига ҳамма жойларни саранжом қилиб, уйларни безатдим. Токи, улар уйга кириб келишганда, меҳри уйғонсин дея. Катта ўғлим Беҳрузбек бу йил 9 синфга боради. Карина ва Русланбек опа-ука. Тоҳиржон ва Сардорбек эса ака-ука. Энди бу қоракўзларимнинг барчаси бир-бирига суянчиқ, жигар бўлди.  Уларни уйга олиб келганимиздаги қувончини барчамиз кўз ёш ила қаршиладик. 4  фарзандим 9 нафар бўлди. Шукрки, улар хонадонимизга кўчиб келганидан хурсанд. Бири ая дейди, бири буви. Бағрим тўлиб, хурсандлигимдан ўзимга сиғмай ўтирибман.

Жўрахон опанинг икки қизи ҳам турмушга чиқиб кетгани боис, Каринага шерик бўлсин дея яна бир нафар қиз фарзандни тарбияга олишни режалаштираётганини бу оилада ИНСОНИЙлик, ОҚИБАТ, САХОВАТ туйғуларининг нечоғли юксак эканидан далолат беради.

 

 

— Бир кун ичида Яратган менга 5  ука туҳфа этди, — дейди Осиё. — Уйга келсам ҳовлимиз болалар билан гавжум. Уларни ўйнаб юрганини кўриб, юрагим бир қалқиб кетди. Ота-онамдан энди хавотир олмасам ҳам бўлади. Чунки укаларим улар билан бирга.

Мустақилликнинг 30 йиллиги арафасида Болтаевлар хонадони меҳрли қалбларнинг меҳрли уйига айланди. Улар бугун инсонпарварликнинг юксак намунасини кўрсата олди.

Баҳринисо Мадумарова

Белгияда оғир аҳволда қолган ўзбекистонлик ватанга қайтарилди

Белгияда оғир аҳволда қолган ўзбекистонлик ватанга қайтарилди

У Нидерландияда қурилишда ишлаётганда ўткир тиш инфекцияси билан касалланган. Брюссел орқали Ўзбекистонга келаётганда аҳволи ёмонлашган.

Швеция миграция қонунчилигини бузган ўзбекистонликларни депортация қилди

Швеция миграция қонунчилигини бузган ўзбекистонликларни депортация қилди

20 нафар Ўзбекистон фуқароси чартер рейс билан Тошкентга етиб келди.

Мактаб ўқувчилари ЙТҲ содир этди: қурбон бор

Мактаб ўқувчилари ЙТҲ содир этди: қурбон бор

Cobalt бошқарув йўқотилиши натижасида йўлдан чиқиб кетган.

Ўзбекистонда никоҳ барқарорлиги қай даражада?

Ўзбекистонда никоҳ барқарорлиги қай даражада?

Қашқадарё, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида никоҳ барқарорлиги сақланган, лекин Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Тошкент вилоятида ажримлар сони юқори.

Кореяда вафот этган ўзбек аёлининг ўлимида қотиллик аломатлари аниқланмади

Кореяда вафот этган ўзбек аёлининг ўлимида қотиллик аломатлари аниқланмади

Мазкур ҳолатга Ўзбекистон ТИВ ойдинлик киритди.

АҚШда ўзбекистонлик талаба вафот этди

АҚШда ўзбекистонлик талаба вафот этди

Марҳум Stony Brook университетида компьютер технологиялари ва информатика йўналишида таҳсил олаётган бўлган.

Фарғонада вояга етмаган ака-ука сувда чўкиб, вафот этди

Фарғонада вояга етмаган ака-ука сувда чўкиб, вафот этди

Укасининг сувга тушиб кетганини кўрган ака уни қутқармоқчи бўлган.

Навоийда эридан қочган аёл ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар рад этилди

Навоийда эридан қочган аёл ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар рад этилди

Ёлғон маълумот тарқалишига сабабчи бўлган блогер 20,6 млн сўм жаримага тортилди.