Қашқадарёда мансабдор шасхларнинг кирдикори фош бўлди
“Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”дагиларга кредит ажратишда кўзбўямачиликка йўл қўйилган.

Қашқадарёда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг вилоят масъуллари “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”дагиларга кредит ажратишда кўзбўямачиликка йўл қўйган. Бу ҳақда вилоятдаги журналист ва блогерларга вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқов хабар берди.
Маълум бўлишича, вилоятда “Ёшлар дафтари”га киритилган 48 минг 797 нафар ёшдан 4 минг 949 нафари имтиёзли кредит эвазига дафтардан чиқди деб маълумот берган. Аммо ҳақиқий ҳолат ўрганилганда эса кредит олгани айтилганларнинг 588 нафарига аслида кредит ажратилмагани аниқланди.
Қашқадарё вилоят ҳокими матбуот котиби тақдим этган маълумотларига кўра, ҳудудда “Аёллар дафтари” бўйича ҳам ишлар қониқарсиз ишлар ташкил этилган. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси томонидан электрон маълумот ва Марказий банкнинг электрон базаси солиштирилганида кредитлар ижобий ҳал этилди деб кўрсатилган 1 340 та ҳолатда ёлғон маълумот берилгани маълум бўлди.
“250 нафар аёл билан телефон орқали суҳбатда 63 нафар аёл кредит олиш учун мурожаат қилмаганлиги ойдинлашди”, — дейилади манба бераётган маълумотда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ банкдан қарз олган раҳбар гаровга қўйилган юк машинани яшириб қўйгани, соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида қарийб 10 миллиардлик маблағ талон–тарож қилингани, 447 та ширкатда 163 та 12,9 миллиард сўм миқдоридаги қонунбузарлик ҳолати аниқлангани ҳамда Сергелида 325 минг долларни ўзлаштириб юборган банк кассири ва бош мутахассисга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.







