Ёзёвонда қурилиш корхонасидан тадбиркорлар фойдасига жами 2 миллиард 108 миллион сўм қарз ундирилди
Ёзёвон туманидаги гидротехника муҳандислик иншоотлари қуриш фаолияти билан шуғулланиб келадиган корхона томонидан солиқ тўловларидан бошқа тадбиркорлар билан бўлган ўзаро иқтисодий олди-бердилар қарз бўлганлиги сабабли иш судгача борди.

Мажбурий ижро бюроси ахборот хизматининг Zamon.uz'га тақдим этган маълумотларига кўра, Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 06.09.2021 йилдаги 2102/3402-сонли суд буйруғига асосан ушбу корхонадан "Asl Grand Oil" МЧЖ фойдасига 1 миллиард 164 миллион 879,6 минг сўм асосий қарз ва 5 миллион 824,4 минг сўм давлат божи ундириш белгиланган.
Шунингдек, Фарғона туманлараро судининг 17.08.2021 йилдаги 2105/2536-сонли ижро варақасига асосан "Suv Aziz trans" МЧЖ фойдасига 446 миллион 93,3 минг сўм қарз ундириш кўрсатилган. Бундан ташқари, корхона 477 миллион 141 минг 659 сўм солиқ ва унга тенглаштирилган тўловларни ҳам ўз вақтида тўлаш чораларини кўрмаган.
Мазкур суд ва бошқа орган қарорлари Бюронинг Ёзёвон туман бўлимига келиб тушгандан сўнг, қарздор тарафга ихтиёрий муддат белгилаб берилган.
Давлат ижрочиси талаби бажарилмагач, мажбурий ижро ҳаракатлари давомида корхона ҳисоб-рақами хатланиб, жами 2 миллиард 108 минг сўм қарздорлик тадбиркорлар фойдасига ундириб берилди.
Аввалроқ Бухорода қарздорнинг “Trailblazer”, Олтиариқда фуқаро кредит олиб, тўловларни ўз вақтида қайтармагани учун автомашинаси хатлангани, қарздор ота алимент тўлови ўрнига фарзандларига уй бергани ҳамда MIB.UZ мобил иловаси ишга тушгани ҳақида хабар берилганди.







