Тошкентда айрим автобусларнинг қатнов йўналиши вақтинча ўзгарди
Тошкент—Чирчиқ—Ҳожикент тезюрар электр поездлар ҳаракатини ташкил этиш мақсадида Паркент кўчасидан КҲАЙга ўтиш қисмида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Шу сабабли ушбу ҳудудда автотранспорт воситаларининг ҳаракати вақтинчалик чекланди. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ матбуот хизмати хабар берди.


Маълум қилинишича, 5 октябрь кунидан бошлаб 58-, 88-, 89-, 95-сонли автобус йўналишлари қуйидаги кўчалардан ҳаракатини давом эттиради:
-
58-сонли автобус йўналиши — Мустақиллик шоҳкўчасидан Оққўрғон, Катта Дархон кўчалари орқали «Экскаватор заводи» сўнгги бекатигача икки тарафлама;
-
88-сонли автобус йўналиши Паркент кўчасидан Мустақиллик шоҳкўчаси, Оққўрғон кўчалари орқали ва кейинги ҳаракатини ўз йўналишини давом эттирган ҳолда;
-
89- ва 95-сонли автобус йўналишлари — шаҳар томон ҳаракатлари Паркент кўчасидан Мустақиллик шоҳкўчаси, Оққўрғон кўчалари орқали Оққўрғон — Катта Дархон кўчалари кесишган жойдан орқага бурилиб, ўз йўналишини давом эттирган ҳолда (қайтишда ўз йўналишини ўзгартирмаган ҳолда) ҳаракатланади.
"Тошшаҳартрансхизмат" келтирилган ноқулайлик учун узр сўрайди, - дейилади хабарда.
Аввалроқ Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлиги иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида жамоат транспорти ҳаракати билан боғлиқ муаммолар кўтарилганди. Шунингдек, жамоат транспорти (автобуслар) дан бир ой мобайнида фойдаланган йўловчилар сони очиқлангани ҳамда Тошкентдаги халқаро конференция туфайли айрим автобуслар йўналиши ўзгаргани ҳақида хабар берилганди.







