Чақалоғи устига бензин сепиб ёқиб юбормоқчи бўлган эр-хотинга жиноят иш қўзғатилди
Маълум бўлишича, Мажбурий ижро бюроси (МИБ) Қувасой шаҳар бўлими ходимлари қарздорликни ундириш мақсадида фуқаро А.Б хонадонига боради. Аммо давлат хизматчилари қаттиқ қаршиликка учрайди.


Қайд этилишича, қарздор шахс ва унинг хотини ижрочиларни қаттиқ ҳақоратлайди. Бундан наф чиқмаслигига кўзи етгач, ўзларининг норасида чақалоғи устидан бензин сепиб, ёқиб юбориши билан таҳдид қилади. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Бунинг оқибатида МИБ ходимлари ўз хизмат вазифаларини тўхтатишга мажбур бўлади.
Маълумот ўрнида, қарздордан 32,5 миллион сўм пул ундириш белгиланган.
Айни пайтда ҳолат юзасидан гувоҳлар иштирокида эр-хотинга нисбатан Жиноят кодексининг “ҳақорат қилиш” (140-модда) ва “ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш” (219-модда) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Сирдарёда беш кунлик чақалоғини беш минг долларга сотаётган она ушлангани ва ахлат қутисидан янги чақалоқ топилгани ҳақида хабар қилинганди.
Чўлпоной Аҳмедова







