Ҳайдовчининг ухлаб қолиши оқибатида 2 киши ҳалок бўлди
Самарқанд вилояти ИИБнинг маълум қилишича, “Nexia” ҳайдовчиси тезликни меъёридан ошириб, ухлаб қолиши оқибатида ЙТҲ содир бўлган.


Қайд этилишича, 2021 йилнинг 14 октябрь куни соат 6:20 да Булунғур тумани ҳудудидан ўтувчи “М-39” автомобиль йўлининг 1050-км.да "Nexia” русумли транспорт воситасининг ҳайдовчиси тезликни меъёридан ошириб, бошқарув вақтида ухлаб қолиши оқибатида йўлни ажратиб турувчи бетон тўсиққа урилиб, ағдарилиб кетган.
Оқибатда транспорт воситасида ёнғин содир бўлди. Машина салонида бўлган икки нафар йўловчи воқеа жойида вафот этган. Ҳайдовчи эса тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан аввал Самарқанд ва Сурхондарёда содир бўлган учта ЙТҲ оқибатида тўрт киши ҳалок бўлгани ва Тошкентда ҳайдовчининг ухлаб қолиши оқибатида 3 та машинага шикаст етказилгани ҳақида хабар берилганди. Шу билан бирга “Lasetti”нинг дарахтга бориб урилиши оқибатида йўловчи вафот этгани ҳамда Янгиобод маҳалласида ҳайдовчининг тезликни ошириш натижасида 21 ёшли бола ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар қилинганди.
Чўлпоной Аҳмедова







