Ўзбекистонда қанча ер овчиликка мўлжаллангани маълум бўлди
2021 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда овчиликка бириктирилган умумий ер майдони 4,8 миллион гектарни ташкил этади. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар берди.

Мазкур майдоннинг энг юқори улушга эга бўлган ҳудудлари:
- Қорақалпоғистон Республикаси – 85,5 фоиз;
- Тошкент вилояти – 6,5 фоиз;
- Навоий вилояти – 2,2 фоиз.
Маълумот учун, ов қилиш жойлари ҳудудида қуйидагилар тақиқланади:
- қишлоқ хўжалиги, мелиоратив, ўрмон хўжалиги ишларини ва бошқа ишларни ёввойи ҳайвонларнинг нобуд бўлишига олиб келадиган усулларда амалга ошириш;
- ўзбошимчалик билан ёввойи қушларнинг тухумларини йиғиш, уяларини вайрон қилиш, ёввойи ҳайвонларнинг уйчаларини, инларини ва бошқа уяларини бузиш, бундан ёввойи ҳайвонлар сонини тартибга солиш билан боғлиқ ҳоллар мустасно;
- қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда ҳамда бошқа тоифадаги ерларда қуриган дов-дарахтларни ва уларнинг қолдиқларини илдизи билан ёқиш;
- ёввойи ҳайвонларнинг яшаш муҳити, бўлиш ва урчиш жойларида, шунингдек, уларнинг кўчиб ўтиш йўллари бўлган жойларда дов-дарахтларни йўқ қилиб юбориш, қиёқ, қамиш ва ёввойи ҳолда ўсувчи бошқа ўсимликларнинг чакалакзорларини ёқиш.
Аввалроқ Сирдарёда лочинларни 280 миллион сўмга пулламоқчи бўлган шахслар қўлга тушгани, Ўзбекистон Қизил китобига киритилган камёб дўлта (сиртлон)лардан бири ўлдирилгани, Бухоро шаҳрида Қизил китобга киритилган қуш савдосининг олди олингани ва табиатга қўйиб юборилгани ҳамда Ҳисор қўриқхонасида ноёб тоғ эчкисини овлаганлар қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.







