Бухорода ижтимоий тармоқлар орқали ўғирлик қилган шахс ушланди
Бухоро вилояти Пешку туманида ижтимоий тармоқлар орқали ўғирлик қилган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 2 сентябрь кунидан 8 сентябрь кунига қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс Пешку тумани "Навгахон" маҳалласида яшовчи, 1965 йилда туғилган R.O.га тегишли бўлган пластик карточкадан жами 11 миллион 378 минг 650 сўм пулни яширин равишда талон-тарож қилган.
Жиноят иши бўйича олиб борилган тезкор-техник, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни жабрланувчининг маҳалладоши 2000 йилда туғилган И.Ж. содир этгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Ҳозирда ушбу шахснинг бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда Telegram'да сохта гуруҳ очиб, одамларни алдаган шахслар, Андижонда виртуал фирибгар қўлга олинганди. Шунингдек, Telegram ижтимоий тармоғидаги ютуқли ўйинлар орқали бухоролик фуқарони чув туширган фарғоналик йигит ушлангани, Самарқандда 16 минг АҚШ долларини букмеккерлик сайтида ютқазиб юборган фирибгар аниқлангани ҳамда Андижонда виртуал фирибгар қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.







