Коллеж ва техникумларга кириш учун тест синовлари 12-17 ноябрь кунлари ўтказилади
Ўқувчиларга 3 соат вақт ажратилади.

Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари ўртасида таълим жараёни ҳамда тармоқ ташкилотлари билан ишлаб чиқариш амалиёти узвийлигини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб техникумлар ўқувчиларини амалиёт ўташ жойлари ҳамда келгусида ишга жойлашишлари учун 750 тадан ортиқ тармоқ корхона ва ташкилотларга бириктирилди.
Ҳозирги кунда профессионал таълим тизимида 339 та касб-ҳунар мактаби, 17 та вазирлик ва идоралар тизимидаги 162 та коллежлар ҳамда 62 та олий таълим муассасалари ҳузуридаги 213 та техникумларда касб ва мутахассисликлар бўйича ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш йўлга қўйилган. Тизимда меҳнат бозорида зарур бўлаётган 400 тадан ортиқ касб ва мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрланмоқда.
Жами 714 та профессионал таълим муассасаларида 289 минг 783 нафар, жумладан:
339 та касб-ҳунар мактабларида 167 минг 821 нафар;
162 та коллежларда 59 минг 642 нафар (шундан давлат гранти асосида 9 минг 284 нафар);
213 та техникумларда 62 минг 320 нафар (шундан давлат гранти асосида 8 минг 171 нафар) ўқувчилар таълим олмоқда.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Сардор Усмоновнинг маълум қилишича, имтиҳонлар 2 сменада ташкил қилинади. Тест синовлари 1-сменада 09:00 дан 12:00 га қадар ҳамда 2-сменада 14:30 дан 17:30 га қадар бўлиб ўтади.
Тест синовлари касб ва мутахассисликка мос 2 та фан ва барча тест топширувчилар учун мажбурий 3 та фан (она тили, математика ва тарих)дан ўтказилади.
Талабгорларга мутахассислик фанларидан 20 тадан, мажбурий фанлардан эса 10 тадан жами 70 та тест топшириғини ишлаш учун 3 соат вақт ажратилади. Максимал балл – 189 балл бўлиб, мутахассислик фанлари бўйича ҳар бир тўғри жавоб учун 3,15 баллдан (жами 126 балл), мажбурий фанлар бўйича эса 2,1 баллдан (жами 63 балл) берилади.
Маълумот учун: талабгорлар рухсатномаларини Давлат тест марказининг ruxsatnoma.dtm.uz сайтидан юклаб олишлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мактабларда инклюзив таълимни ташкил этиш тартиби, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар “права”, “репититор” ва “ҳарбий чақирув” харажатлари учун вақтинчалик компенсация олиши мумкинлиги, тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитларини ажратиш тартиби белгиланиши ҳамда олти ёшли болалар мажбурий бир йиллик таълимга қандай асосларда қабул қилиниши ҳақида хабар берилганди.







