Алиментдан қарздор отага қатъий чора кўрилди
Унга бир йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

МИБ Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Фаррух Тошпўлатовнинг Zamon.uz'га хабар қилишича, фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайҳонтоҳур туманлараро судининг 12 ноябрь 2009 йилдаги ижро варақасига асосан, Бюронинг Яшнобод туман давлат ижрочиси Ч.Халикова томонидан қўзғатилган. Қарздор А.Умаровдан М.Умарова фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Маълум бўлишича, қарздор ота ундирувчи М.Умарова билан ижро варақа чиққанидан то ҳозирги кунга қадар биргаликда умумий рўзғор юритмаган. Қарздор отага ишга кириш учун тегишли йўлланма берилишига қарамай ишлашни xоҳламаган.
А.Умаров юқорида кўрсатилган суднинг ижро варақасига биноан моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган шахсни моддий таъминлаб туриши учун М.Умарова фойдасига алимент маблағларини тўлаб бориш унинг мажбурияти эканлигини билсада, бироқ у 2016 йилнинг февраль ойидан 2021 йилнинг февраль ойига қадар 60 ой учун жами 27 миллион 326 минг 934 сўмлик маблағларни тўлашдан бўйин товлаб келган. 2021 йил 11 февралда Яшнобод туман маъмурий суди томонидан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-4-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилган ва унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Таъкидланишича, қарздор А.Умаров маъмурий жазога қўлланилганидан кейин ҳам бундан ўзига тегишли хулоса чиқармаган, М.Умарова фойдасига вояга етмаган шахсни моддий таъминоти учун ижро варақасига асосан ундирилиши лозим бўлган маблағларни муддатда тўлашдан бўйин товлаб келганлиги учун яна алимент қарздорлиги вужудга келган.
Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг ҳукмига кўра, қарздорга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 122-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, бир йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Маълумот учун: Zamon.uz жамоаси томонидан ажримга қандай ҳолатлар сабаб бўлиши мумкинлиги юзасидан аҳолимизнинг фикри ўрганилганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Урганчда МИБ аралашуви билан 21 та оила яраштирилгани, қарздор ота алимент тўлови ўрнига фарзандларига уй бергани, Фарғонада 40 миллион сўм алимент пули олдиндан тўлаб берилгани ҳамда Ромитанда 118,3 миллион сўм алимент маблағлари ундириб берилгани ҳақида хабар берилганди.







