Фарғонада 40 миллион сўм алимент пули олдиндан тўлаб берилди
Маълумки, вояга етмаган болага алимент тўлаш тартибини ота-она ўзаро келишган ҳолда белгилайди. Мазкур мажбурият ихтиёрий равишда бажарилмаса ота-онадан суднинг ҳал қилув қарорига асосан алимент ундирилади.


МИБ Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Фаррух Тошпўлатовнинг Zamon.uz'га маълум қилишича, бюронинг Ёзёвон туман бўлимига фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судининг буйруғига асосан қарздор А.Б.дан вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун турмуш ўртоғи Г.З фойдасига алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати келиб тушган.
Қайд этилишича, бюронинг Ёзёвон туман бўлими томонидан олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздор А.Б. фарзанди вояга етгунга қадар бўлган алимент пулини олдиндан тўлаб беришини айтган.
Ҳисоб-китобларга кўра, фарзанд вояга етгунга қадар бўлган алимент миқдори 40 миллион сўмни ташкил қилган ва қарздор ушбу маблағни ундирувчига топширган. Таъкидланишича, ижро иши Ўзбекистон Республикаси "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Қонунининг 41-моддаси 1-қисмига асосан тамомланган.
Маълумот учун: "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент фармонига асосан 2021 йил 1 мартдан бошлаб ижро ҳужжатлари бўйича алимент мажбуриятларини бажариш қарздорлар томонидан Алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими орқали амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, Қумқўрғонда 5 нафар болага алимент тўлашдан бош тортган отага нисбатан жиноят иши очилган.
Бундан аввал Ўзбекистонда қанча аёл алимент тўлаши, болалар онасига нега олиб берилгани, қарздор ота алимент тўлови ўрнига фарзандларига уй бергани, Жиззахда МИБ аралашуви билан яна бир оила яраштирилгани, Самарқандда қарздор ота фарзандларига 260 миллион сўм ҳамда салкам 370 миллион сўм алимент тўлаб бергани ҳақида хабар берилганди.







